Хитойда кексалар сони илк бор болалардан ошиб кетди
World
−
11:27 456 2 minutes
Хитойда 65 ёш ва ундан катта аҳоли сони илк бор 14 ёшгача бўлган болалар сонидан ошиб кетди. 2025 йилда мамлакатдаги кексалар сони 223,65 миллионга етган бўлса, болалар сони 212,76 миллионни ташкил этди. Бу ҳақда Хитой Миллий статистика бюроси маълум қилди.
Қайд этилишича, 2025 йилда меҳнатга лаёқатли аҳолига нисбатан кексалар улуши 23,1 фоизга етган. 2024 йилда бу кўрсаткич 22,8 фоизни ташкил этган. Болалар улуши эса шу даврда 23 фоиздан 22 фоизга камайган.
Хитойда аҳоли сонининг ўсиши 2016 йилдан бошлаб секинлашган. 2022 йилда эса мамлакат аҳолиси илк бор камайган. 2025 йилда туғилиш даражаси ҳар минг кишига 5,63 тани ташкил этиб, 1949 йилдан буён энг паст кўрсаткичга тушган.
Ҳозирда Хитойда 16–59 ёшдаги аҳоли 851,36 миллион кишини ташкил этади. Бу жами аҳолининг 60,6 фоизига тенг. 65 ёш ва ундан катталар эса мамлакат аҳолисининг 15,9 фоизини ташкил қилади.
Таҳлилчиларга кўра, Хитой аҳолининг қариши ва меҳнат ёшидаги фуқаролар улушининг қисқариши билан боғлиқ узоқ муддатли демографик ўзгаришлар даврига кирган.
Ҳукумат туғилиш даражасини ошириш мақсадида 2016 йилда оилаларга икки нафаргача, 2021 йилда эса уч нафаргача фарзанд кўришга рухсат берган. Бироқ иқтисодий ўсишнинг секинлашиши, яшаш ва бола тарбияси харажатларининг ошиши оилаларнинг фарзанд кўришга бўлган қарорига таъсир қилмоқда.
Аҳоли сонининг камайиши ва қариш жараёни келажакда Хитойда ишчи кучи қисқаришига олиб келиши ва мамлакат иқтисодиётига таъсир кўрсатиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитой пойтахти Пекин аҳолиси 2035 йилга бориб “ўта қариб қолган“ жамиятга айланиши кутилаётгани ҳақида хабар берилган эди. Бу вақтга келиб, шаҳар аҳолисининг қарийб учдан бир қисмини 60 ёш ва ундан катталар ташкил этади.
Live
All27 October