Хитой Россияни Марказий Осиё қурол-яроғ бозоридан сиқиб чиқармоқда – CP
World
−
27 August 2118 2 minutes
Совет Иттифоқи парчаланганидан сўнг Россия узоқ вақт давомида Марказий Осиё мамлакатларининг қурол-яроғ етказиб бериш соҳасидаги табиий ҳамкори бўлиб келган. Бироқ энди Хитой Россияни минтақа қурол-яроғ бозоридан сиқиб чиқармоқда. Бу ҳақда “The Caspian Post” хабар берди.
Қайд этилишича, Хитой 2010-йилларнинг охиридаёқ Марказий Осиё мамлакатлари билан мудофаа соҳасида кам-камдан ҳамкорлик қилишни бошлаган. Аммо Россия Президенти Владимир Путин Украинада уруш очганидан сўнг, собиқ совет республикалари ўз ҳарбий арсеналини анча фаолроқ диверсификация қила бошлаган.
“Марказий Осиё мамлакатлари учун Хитой узоқ вақт давомида энг аввало савдо ва инвестициявий ҳамкор бўлиб келган бўлса, ҳозирда уларнинг мудофаа бозорини тобора шиддат билан эгаллаб бормоқда, деб вазиятни таҳлил қилади”, дейилади хабарда.
Нашрнинг ёзишича, Пекин дронлар, транспорт самолётлари, бронетехника ва ҳаво ҳужумидан ҳимоя (ҲҲҲ) тизимларини сотади, чегара хавфсизлигини таъминлаш инфратузилмасини молиялаштиради ва минтақавий куч ишлатар тузилмалари билан ҳамкорликни кенгайтиради.
“Масалан, Туркманистон узоқ (HQ-9) ва ўрта масофага мўлжалланган (HQ-12) ҲҲҲ тизимларини харид қилди, Ўзбекистон эса HQ-9 нинг аналоги бўлган FD-2000 тизимларини сотиб олди”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, арсеналнинг Хитой қуроллари ҳисобига кенгайиши Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон Россия билан биргаликда ҳарбий блок – Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) аъзоси эканига қарамай юз бермоқда.
“Лекин Тожикистон ҳатто Душанбедаги парадларда Хитой техникасини намойиш этмоқда”, деб қайд этган эди “Janes” мудофаа таҳлил компанияси.
Тожикистон, асосан, бронетранспортёрлар, зирҳли автомобиллар, ўзи юрар миномёт қурилмалари ва ўқотар қуролларни сотиб олган. Хитой, шунингдек, Тожикистон-Афғонистон чегараси бўйлаб хавфсизлик объектларини қуриш ва ривожлантиришни, шу жумладан ўз транспорт коридорлари ва Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиётига киритилган инвестицияларини ҳимоя қилиш учун молиялаштирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитой ижтимоий тармоқлари ва ҳарбий таҳлилчилари тўртта Chengdu J-10CE кўп мақсадли қирувчи самолёти Ўзбекистон Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий-ҳаво кучларига етказиб берилганини даъво қилаётгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All