Хитой олимлари Ой тарихидаги энг улкан зарба изининг тарихини қайта тиклади

Interesting

−

image

Хитойнинг Chang’e-6 миссияси орқали Ойнинг нариги томонидан Ерга олиб келинган тупроқ намуналари олимларга сунъий йўлдош тарихидаги энг йирик зарбалардан бирининг қандай содир бўлганини аниқлашга ёрдам берди. Тадқиқотчилар Жанубий қутб – Эйткен ҳавзасининг шаклланиш босқичларини қайта тиклади. Бу ҳақда “Naked Science” хабар берди.

Маълум қилинишича, Жанубий қутб – Эйткен ҳавзаси Ойнинг нариги томонида жойлашган бўлиб, унинг диаметри тахминан 2 050–2 400 километр, чуқурлиги эса 12 километргача етади. У Қуёш тизимидаги энг йирик зарба ҳавзаларидан бири ҳисобланади. Олимларнинг тахминича, у миллиардлаб йиллар аввал улкан космик жисмнинг Ой юзасига келиб урилиши натижасида ҳосил бўлган.

2024 йилда Хитойнинг Chang’e-6 миссияси ушбу ҳавза ҳудудидаги Аполлон кратеридан қарийб 1,9 килограмм тупроқ ва тоғ жинси намуналарини Ерга олиб келган. Бу Ой тарихида унинг нариги томонидан тупроқ намуналари олиб келиниши бўйича илк миссия ҳисобланади.

Гонконг университетидан Юйци Цянь ва Гочунь Чжао бошчилигидаги халқаро олимлар гуруҳи намуналар таркибини ўрганиб, уларни Chang’e-4 миссияси доирасида олинган маълумотлар ҳамда орбитал кузатувлар билан таққослаган.

Тадқиқот натижаларига кўра, ўрганилган ҳудуддаги тупроқ қотиб қолган лава ва қадимий тўқнашувлар натижасида юзага чиққан тоғ жинслари аралашмасидан иборат. Ҳисоб-китобларга кўра, маҳаллий лава билан боғлиқ бўлмаган жинслар умумий таркибнинг 40–50 фоизини ташкил қилади. Уларнинг катта қисми Chaffee S кратери ҳосил бўлиши билан боғлиқ зарба натижасида юзага чиққан.

Олимлар таҳлиллар асосида бир неча миллиард йил аввал содир бўлган 3 та йирик ҳодисани ажратиб кўрсатган. Биринчиси, тахминан 4,34 миллиард йил аввал Жанубий қутб – Эйткен ҳавзасини ҳосил қилган улкан тўқнашув бўлган. Кейинроқ, тахминан 4,2 миллиард йил аввал, ушбу ҳавза ичида Аполлон зарба ҳавзаси шаклланган.

Тахминан 3,87 миллиард йил аввал эса Orientale ҳавзасини юзага келтирган яна бир йирик тўқнашув содир бўлган. Унинг оқибатида тадқиқот ҳудуди ўнлаб метр қалинликдаги жинс қолдиқлари билан қопланган бўлиши мумкин.

Тадқиқотчиларнинг қайд этишича, олинган натижалар Ойнинг энг йирик зарба ҳавзаси тарихидаги муҳим босқичларни тушунишга ёрдам беради. Бироқ ушбу воқеалар кетма-кетлиги ҳозирча тупроқ намуналари, сунъий йўлдош кузатувлари ва илмий ҳисоб-китоблар асосида тикланган. Ҳавзанинг бошқа ҳудудларидан олинадиган янги намуналар эса хулосаларни янада аниқлаштириши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ олимлар Ойга инсонни қўндириш ва илмий тадқиқотлар ўтказиш учун энг мақбул деб топилган 4 та ҳудудни белгилагани ҳақида хабар берилган эди.  


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends