“Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўлини қуриш учун Путиндан розилик олганман – Жапаров
World
−
18:58 3043 4 minutes
Хитой томони Россиянинг розилигини олмасдан туриб “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли қурилишини бошлашдан бош тортган. Бу ҳақда Қирғизистон Президенти Садир Жапаров журналист Али Тоқтакуновга берган интервьюсида маълум қилди.
Жапаровнинг сўзларига кўра, 2020 йилда ҳокимиятга келиши биланоқ у Хитойнинг ўша пайтдаги элчиси Ду Дэвэнни ҳузурига чақириб, лойиҳани амалга оширишни бошлашни таклиф қилган. Шахсий суҳбат чоғида у техник-иқтисодий асослашни (ТИА) тайёрлаш ва молиялаштириш шартларини Ўзбекистон билан муҳокама қилиш ниятида эканини билдирган. Бироқ Ду Дэвэнь Қирғизистон бу масалани мустақил равишда ҳал қилолмаслигини очиқ айтган.
“Агар Россия қарши бўлса, агар Россия розилик бермаса, биз бу йўл қурилишига кириша олмаймиз”, дея Жапаров Хитой элчисининг сўзларини келтиради.
Ду Дэвэнь Хитой Евросиё ҳудудида жойлашганини, Қирғизистон эса Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига (КХШТ) аъзо эканини, шу сабабли Москванинг позициясини ҳисобга олмасдан лойиҳани амалга ошириш мумкин эмаслигини тушунтирган. Шу билан бирга, Хитой томони ҳам Торугартгача бўлган тахминан 100 километрлик янги тармоқни қуриши керак бўлган.
Жапаров бу жавобдан ҳайратда қолган, аммо суҳбатдан сўнг Россия Президенти Владимир Путин билан амалий учрашув ташкил қилишни сўраган. Учрашув эртаси куни бўлиб ўтган. Қирғизистон раҳбари Россияга ёлғиз ўзи учиб кетган, музокаралар тахминан 35-40 дақиқа давом этган. Жапаров Қирғизистон транспорт “тупигида” экани ва бу йўлга “ҳаво ва сувдек” муҳтожлигини айтиб, Путинни лойиҳани амалга ошириш зарурлигига ишонтирган. Натижада у розиликка эришган ва шундан сўнг лойиҳага старт берилган.
Президент Хитойнинг позициясини тушунишини таъкидлаган, чунки “булар бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олмасдан иложи йўқ бўлган буюк давлатлар”.
Магистралнинг аҳамияти ҳақида гапирар экан, Жапаров уни ўн йилликлар эмас, балки минг йилликлар лойиҳаси деб атаган. У йўлни шунчаки “Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон” темир йўли эмас, балки янгиланган Буюк ипак йўли деб аташни таклиф қилган. Унинг ишонч билдиришича, бу йўналиш Хитой ёки бошқа мамлакатларга эмас, биринчи навбатда Қирғизистоннинг ўзига керак.
Транзитдан келадиган иқтисодий самарани Президент ҳар йили бюджетга камида 400-500 миллион доллар соф даромад сифатида баҳолаган. У темир йўлни “янги Қумтор” – тугайдиган табиий ресурслар ўрнини босадиган даромад манбаи деб атаган.
Жапаров, шунингдек, Қирғизистоннинг ички темир йўл тармоғи постсовет даврида тахминан 45 километрга қисқарганини маълум қилган – рельслар ва шпаллар демонтаж қилинган, уларнинг ўрнида эса хусусий компаниялар нефть базалари ва бошқа объектларни қурган. Охирги йилларда давлат 65 километрга яқин янги тармоқ қурган. Режада тармоқни Макмалгача етказиш бор. Президентнинг баҳолашича, ўз кучи билан қуриш тахминан ўн йил вақт ва атрофида 1 миллиард доллар талаб қилиши мумкин, инвестор жалб қилинганда эса ишларни 2032–2035 йилларга бориб якунлаш мумкин.
Шу билан бирга, Жапаров таъкидлашича, ташқи ва ички кучлар мавжуд бўлиб, улар қурилишнинг издан чиқишини хоҳлайди. Президентнинг сўзларига кўра, улар “Хитой таҳдиди” мавзусини бўрттириш учун ташқаридан молиялаштириладиган блогерлар ва “жарчилар”дан фойдаланмоқда.
Қайд этиш жоиз, “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли лойиҳаси сўнгги ўн йилликларда Марказий Осиёдаги энг йирик инфратузилма лойиҳаларидан бирига айланди. Қашғар – Торугарт – Макмал – Жалолобод – Андижон йўналиши бўйича маршрутнинг умумий узунлиги 532 кмни ташкил этади, шундан 312 кми Қирғизистон ҳудудидан ўтади. Лойиҳа қиймати 4,7 миллиард долларга баҳоланмоқда. Келишув шартларига кўра, Хитой қўшма корхонада 51 фоиз улушга, Қирғизистон ва Ўзбекистон эса 24,5 фоиздан улушга эга бўлади.
Лойиҳани биргаликда илгари суриш тўғрисидаги битим 2024 йил 6 июнда имзоланган, қурилишнинг тантанали бошланиш маросими эса ўша йилнинг 27 декабрида Жалолобод вилоятида бўлиб ўтган. Лойиҳани якунлаш 2030 йилларнинг бошига режалаштирилган. Янги магистраль Хитойдан Яқин Шарқ мамлакатларигача бўлган йўлни 900 кмга қисқартиради ва юкларни етказиб бериш муддатини 7–8 кунга камайтиради ҳамда қитъа кўпригининг жанубий бўғинига айланиб, Марказий Осиё, Яқин Шарқ, Туркия ва Европа Иттифоқи бозорларига чиқиш имконини очади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли қурилиши лойиҳаси фаол босқичга ўтгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All