Хитой 10 та сунъий йўлдошни орбитага чиқарди

World

−

image

Хитой кеча, 14 октябрь куни Zhuque-2E Y4 ракетаси ёрдамида 10 та сунъий йўлдошни орбитага муваффақиятли олиб чиқди. Бу ҳақда “Синьхуа” хабар берди.

Маълум қилинишича, ракета мамлакат шимоли-ғарбидаги Dongfeng тижорий космик инновациялар тажриба ҳудудидан Пекин вақти билан соат 19:40 да учирилган. Парвоз синови тўлиқ муваффақиятли якунланиб, барча 10 та сунъий йўлдош олдиндан белгиланган орбиталарга жойлаштирилган.

Орбитага чиқарилган сунъий йўлдошларнинг саккизтаси ADAspace компанияси томонидан ишлаб чиқилган. Улар компаниянинг “Star Compute” лойиҳаси доирасидаги иккинчи гуруҳни ташкил этади ва тонг ҳамда шом вақтларига мос орбиталарда ишлашга мўлжалланган.

Компания маълумотларига кўра, сунъий йўлдошлар юқори унумдор ҳисоблаш қурилмалари, сунъий йўлдошлар ўртасида ва улар билан Ер ўртасида юқори тезликда лазер орқали алоқа ўрнатиш ускуналари ҳамда кам ёруғлик шароитида ишлайдиган камералар билан жиҳозланган.

Улар ёрдамида космосда суюқлик билан совитиш тизимлари, катта ўлчамли очиладиган совитиш панеллари, лазер алоқа тармоқлари ва сунъий интеллектнинг асосий моделларини орбитада ўқитиш каби технологиялар синовдан ўтказилади.

Компания иккинчи гуруҳ сунъий йўлдошларини орбитал синовлардан ўтказиш, технологияларни такомиллаштириш ҳамда космик ҳисоблаш имкониятларини ривожлантиришни режалаштирган.

Маълумотларга кўра, “Star Compute” лойиҳаси доирасида космосда сунъий интеллект инфратузилмасини яратиш учун жами 2 800 та ҳисоблаш сунъий йўлдошини орбитага чиқариш кўзда тутилган. Лойиҳанинг биринчи гуруҳ сунъий йўлдошлари 2025 йил май ойида учирилган, учинчи гуруҳни эса 2026 йилда орбитага жойлаштириш режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШнинг Калифорния штатидаги Ванденберг ҳарбий-ҳаво кучлари базасидан Қирғизистоннинг биринчи миллий сунъий йўлдоши орбитага учирилганди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends