Каспийдаги фожиа: ҳалок бўлганлар орасида Қорақалпоғистонда туғилган бола бўлган
World
−
20:24 3279 2 minutes
Қозоғистоннинг Манғистау вилоятида Каспий денгизи соҳилидаги ҳарбий машғулотлар вақтида ҳалок бўлган 14 нафар ҳарбий хизматчининг орасида Қорақалпоғистон Республикасида туғилган ҳарбий хизматчи ҳам борлиги маълум бўлди. Бу ҳақда Қозоғистон Мудофаа вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Қозоғистон Мудофаа вазирлиги Манғистау вилоятида ҳарбий машғулотлар вақтида денгизга оқиб кетиб, ҳалок бўлган ҳарбийларнинг рўйхатини эълон қилган. Ҳалок бўлган ҳарбийларнинг аксарияти 2005–2007 йилларда туғилган, яъни уларнинг ёши асосан 19–20 атрофида бўлган. Уларнинг кўпчилиги Манғистау ва Ғарбий Қозоғистон вилоятларидан, шунингдек, Туркистон вилоятидан бўлган.
Маълум бўлишича, ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилардан бири – Олмос Юсуф ўғли Кобенов бўлган. У 2006 йил 23 январда Ўзбекистонда, Қорақалпоғистон Республикасида туғилган. Олмос Кобенов Манғистау вилоятининг Мунайли тумани, Баянди-3 қишлоғида яшаган.
Шунингдек, 2 нафар ҳарбий хизматчи бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда. Билдирилишича, уларнинг иккиси ҳам 2007 йилда туғилган. Яна бир 19 ёшли ҳарбий хизматчи оғир аҳволда Манғистау вилояти шифохонасида даволанмоқда.
Манғистаудаги фожиа
Кеча, 24 сентябрь куни Манғистау вилоятида Қозоғистон Қуролли кучлари Ҳарбий-денгиз кучлари томонидан ўқув-жанговар топшириқни бажариш вақтида Каспий денгизи соҳилида метеорологик шароитнинг кескин ёмонлашиши ва шамолнинг кучайиши сабабли ҳарбий хизматчилар денгизга оқиб кетган.
Мудофаа вазирлиги дастлабки маълумотларида денгизга 19 нафар ҳарбий хизматчи оқиб кетганини билдирган эди. Ўша пайтда 9 нафар ҳарбий хизматчининг ҳалок бўлгани қайд этилган. Кейинроқ, Манғистау вилояти ҳокимлиги денгизга оқиб кетганлар сони 17 нафар эканини маълум қилди.
Ҳарбий хизматчилар ҳалок бўлганидан сўнг ҳукумат комиссияси тузилган, ҳодиса жойига Бош вазир ўринбосари Қанат Бозумбаев юборилган. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев ҳарбий хизматчиларнинг ҳалок бўлгани муносабати билан ҳамдардлик билдирган ва фожиани тергов қилиш бўйича топшириқлар берган. Бундан ташқари ҳодиса ортидан мамлакат Мудофаа вазирлигининг 5 нафар мансабдор шахси қўлга олинган.
Оқтовда Шаҳар куни муносабати билан ўтказилиши режалаштирилган байрам тадбирлари бекор қилинган. Қосим-Жомарт Тўқаев 25 сентябрь кунини Қозоғистонда умуммиллий мотам куни деб эълон қилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев фожиа муносабати билан Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ва Қозоғистон халқига ҳамдардлик йўллади.