Канадада вертолёт ҳалокатга учради. Қурбонлар бор
World
−
16:43 597 1 minute
Канаданинг Квебек провинциясида вертолёт ҳалокатга учраши оқибатида бортдаги тўрт киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Қайд этилишича, ҳодиса кеча, 26 сентябрь куни Монреаль шаҳридан 50 километр узоқликдаги Сент-Брижид-д’Ибервиль ҳудудида содир бўлган. Фавқулодда хизматларга ҳодиса ҳақида маҳаллий вақт билан соат 14:30 дан кўп ўтмай хабар келиб тушган.
Воқеа жойига етиб борган қутқарув ва ҳуқуқ-тартибот ходимлари вертолётни ёнғин ичида аниқлаган. Бортдаги тўрт кишининг барчаси воқеа жойида ҳалок бўлган.
Тахминан бир соат ўтиб, ёнғин назоратга олинган. Шунга қарамай, мутахассислар кечки соат 22:00 га қадар ҳодиса жойида иш олиб борган.
Вилоят полицияси ҳозирча қурбонларнинг шахсини ошкор қилмаган. Полиция вакили уларнинг шахсини аниқлаш жараёни бир неча кун давом этиши мумкинлигини билдирган.
Дастлабки маълумотларга кўра, вертолёт хусусий ҳаво кемаси бўлган. Ҳодиса юзасидан Квебек полициясининг Оғир жиноятлар бўлими тергов олиб бормоқда. Терговга Канада Транспорт хавфсизлиги кенгаши мутахассислари ҳам жалб этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Конго Демократик Республикасида ҳарбий самолёт ҳалокатга учраши оқибатида бортдаги 13 кишининг барчаси ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All