Қрим кўпригига Starlink’дан фойдаланмасдан зарба берилди – “The Times” (видео)
World
−
13:27 703 3 minutes
Киев Қрим кўпригининг қисман вайрон бўлишига олиб келган ҳужумларни SpaceX эгаси Илон Маскка тегишли Starlink сунъий йўлдош алоқаси ва унинг ҳарбий версияси – Starshield’га таянмасдан амалга оширди. Бу ҳақда операцияда иштирок этган украиналик зобит “The Times” нашрига берган интервьюсида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Украина ракеталарга сигнални учувчисиз учиш аппаратлари ёрдамида узатувчи ўз алоқа тизимини ишлаб чиққан. Ҳужум оқибатида баландлиги 15 қаватли бинога тенг бўлган металл арка йўл қатлами ва таянч конструкцияларнинг бир қисми билан бирга денгизга қулаб тушган.
“Америкаликлар бундай операцияларни ўтказиш учун алоқамизни фалаж қилишга уринишди, бироқ ушбу миссия биз радиосигналларни ретрансляция қилиш учун ўз каналларимизни ярата олишимизни исботлади. Тарихда биринчи марта биз кўприкдаги аниқ нишонларга зарба бериши учун ракеталарга видеосигнал узатиш мақсадида барча ушбу дронларни жалб қилдик. Биз бундай операцияларни Starlink’сиз ҳам ўтказишга қодир эканимизни кўрсатдик”, дейди манба.
“The Times” суҳбатдошларининг айтишича, кўприкнинг вайрон қилиниши Украина ракета қўшинлари ҳамда Учувчисиз тизимлар кучлари (УТК), Украина Хавфсизлик хизмати (УХХ), Ҳарбий-денгиз кучлари ва Махсус операциялар кучларининг элита бўлинмалари дрон операторлари иштирокидаги мураккаб комбинациялашган операция натижаси бўлган.
Уларнинг маълумотларига кўра, дастлаб 16 ноябрга ўтар кечаси Украина кучлари юзлаб дронларни қўллаган ҳолда оммавий ҳужум уюштириб, Россия ва Россия Қуролли кучлари томонидан босиб олинган ҳудудлар устидаги ҳаво маконини ортиқча юклаган, ҳаво ҳужумидан мудофаа (ҲҲМ) тизимлари ва нефтни қайта ишлаш заводларига зарбалар бериб, Россия ракеталари захирасини тугатган. Шундан сўнг, кеча, 17 ноябрь куни эрта тонгда Украинанинг “Фламинго” ва “Нептун” қанотли ракеталари, шунингдек, “Паляница” реактив дронлари кўприкка зарба берган.
“Қрим кўпригининг асосий оралиқ қисми “ҳалокатли” даражада зарар кўрган”, дейди Австралиянинг Монаш университети структур муҳандислик профессори Колин Капрани BBC’га.
Унинг сўзларига кўра, бундай вазиятда объектни таъмирлаш уни нолдан қуришдан ҳам қийинроқ бўлади. Таъмирлаш ишларига киришишдан олдин омон қолган конструкцияларнинг айримларини бутунлай бузиб ташлашга тўғри келади.
Операция иштирокчисининг сўзларига кўра, Украина кучлари ҳар қандай таъмирлаш бригадаларига қарата ўт очишга тайёр.
“Қишки совуқ шароитида ва бизнинг ўқларимиз остида уни [кўприкни – таҳр.] тиклаш имконсиз бўлади, деб ҳисоблаймиз”, дея маълум қилган у “The Times” нашрига.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина Қуролли кучлари Қрим кўпригига яна ҳужум қилгани ҳақида хабар берилган эди. Ҳодиса ортидан Қрим ва Россиянинг Краснодар ўлкасида ракета хавфи эълон қилиниб, кўприкда автомобиллар ҳаракати тўхтатилган.
Live
AllTramp Xitoyga etib bordi
14:12