Қозоғистоннинг ташқи қарзи қарийб 188 млрд долларга етди
World
−
15:36 503 2 minutes
2026 йил 1 июль ҳолатига кўра, Қозоғистоннинг ташқи қарзи 187,9 миллиард долларни ташкил этди. Бу ҳақда мамлакат Миллий банки эълон қилган маълумотларда келтирилган.
Қайд этилишича, йил бошида қарздорлик 183,1 миллиард долларни ташкил этаётган бўлган. Олти ой ичида у 4,8 миллиард долларга ошган, бироқ унинг ЯИМга нисбати 59,9 фоиздан 56,6 фоизгача камайган. Бу доллар ҳисобидаги ЯИМнинг қарз суммасига қараганда тезроқ ўсгани билан изоҳланади. Ушбу кўрсаткични ҳисоблаш учун Миллий банк сўнгги 12 ойдаги ЯИМдан фойдаланади.
Ташқи қарз давлат, банклар ва компанияларнинг норезидентлар олдидаги мажбуриятларини ўз ичига олади. Давлат қарзи алоҳида ҳисобга олинади: унга давлатнинг ҳам ички, ҳам ташқи кредиторлар олдидаги мажбуриятлари киради.
Фирмалараро қарздорлик улушига 86,2 миллиард доллар ёки бутун ташқи қарзнинг қарийб 46 фоизи тўғри келган. Ушбу категорияга, хусусан, Қозоғистон корхоналарининг хорижий инвесторлари олдидаги мажбуриятлари киради.
“Ташқи қарзнинг салмоқли қисми фирмалараро қарздорликка тўғри келади. У тўғридан тўғри хорижий инвесторлар томонидан иқтисодиётни узоқ муддатли молиялаштиришни акс эттиради ҳамда мамлакатнинг ишлаб чиқариш салоҳиятини ривожлантиришга капитал, ускуналар ва технологиялар киритиш билан боғлиқдир”, дейди Миллий банк Тўлов баланси департаменти директори Азат Ўскенбаев.
Давлат бошқаруви органлари ва Миллий банкни ўз ичига олган давлат секторининг ташқи қарзи 18,6 миллиард долларни ёки ЯИМнинг 5,6 фоизини ташкил этган. Шу билан бирга, Миллий банкнинг халқаро захираларини ҳисобга олган ҳолда давлатнинг ташқи активлари 130,8 миллиард долларга етган. Улар ташқи мажбуриятлардан 112,2 миллиард долларга ортиқ.
2025 йил июль ойида Миллий банк раиси Тимур Сулейменов ташқи қарзнинг муҳим қисми Қозоғистонда фаолият юритаётган компанияларнинг хорижий бош ташкилотлари олдидаги қарздорлиги билан боғлиқлигини маълум қилган. У қарз юкини қарзнинг ЯИМга нисбати бўйича баҳолашга чақирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида Ўзбекистоннинг жами ташқи қарзи 84,1 миллиард долларга етгани ҳақида хабар берилган эди. Шундан давлат қарзи 41,7 миллиард доллар, корпоратив қарз эса 42,4 миллиард долларни ташкил этган.