Қозоғистонда 111 йиллик жазирама рекорди янгиланди
World
−
17:14 1361 2 minutes
Қозоғистоннинг Шимкент шаҳрида жорий йилнинг июль ойида ҳаво ҳарорати 45,2 даражагача кўтарилиб, 111 йил аввал ўрнатилган рекорд янгиланди. Бу ҳақда “Қазгидромет” хабар берди.
Қайд этилишича, июль ойида мамлакатнинг катта қисмида ҳаво ҳарорати меъёрдан 1-4 даража юқори бўлган. Иссиқлик рекордлари жануб билан бир қаторда шимол, шарқ ва марказий ҳудудларда ҳам кузатилган.
Энг юқори кўрсаткичлардан бири Шимкентда қайд этилган. 16-20 июль кунлари шаҳарда ҳарорат 41,3, 43,1, 45 ва 45,2 даражагача кўтарилган. 16 ва 17 июль кунлари қайд этилган кўрсаткичлар 1915 йилдаги рекорддан юқори бўлган. 19-20 июлдаги ҳарорат эса 2019 йилда ўрнатилган рекордларни ҳам ортда қолдирган.
Олмаотада ҳам кетма-кет бир неча кун давомида рекорд даражадаги иссиқ кузатилган. 16 июль куни +38 даража, 17 июлда +39,2 даража, 18 июлда +40 даража, 20 июлда эса +41,5 даража қайд этилган.
Пойтахт Остонада 14 июль куни ҳаво 38,6 даражагача исиб, 1992 йилдаги рекорд янгиланган. Ўскемен шаҳрида эса 2 июль куни +34,4 даража, 16 июлда +39,7 даража қайд этилиб, мос равишда 1969 йилги рекордлар ортда қолдирилган.
Қизилўрда ва Туркистон шаҳарларида ҳам жазирама 45 даражадан ошган. Хусусан, 17 июль куни Қизилўрдада +45,2 даража, 18 июль куни Туркистонда эса +47,6 даража иссиқ кузатилган.
Метеорологлар маълумотига кўра, июль ойида Қозоғистоннинг айрим ҳудудларида ёғингарчилик миқдори ҳам меъёрдан бир неча баробар кўп бўлган. Жамбил вилояти, Қарағанда, Ғарбий Қозоғистон, Отироқ ва Қостанай ҳудудларида кучли ёмғирлар қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жанубий Кореяда сўнгги бир асрдан ортиқ вақт ичидаги энг юқори ҳарорат қайд этилгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All