“Қозоғистон руслар давлати”. Олмаотада эркак 20 суткага қамалди (видео)

World

−

image

Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида савдо марказидаги қўриқчи ва ташриф буюрувчилар билан жанжаллашиб, мамлакатни “руслар давлати” деб атаган 40 ёшли эркак 20 суткага қамалди. Бу ҳақда “Toppress” хабар берди.

Қайд этилишича, воқеа акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалган. Унда супермаркет чиқишида энергетик ичимлик ушлаб турган эркакдан қўриқчи харид чекини кўрсатишни сўрагани акс этган.

Шундан сўнг, харидор дўкон ходими билан тортишиб кетган. Суҳбатга бошқа ташриф буюрувчилар ҳам қўшилиб, эркакни қўриқчига нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлишга чақирган.

Баҳс давомида эркак “Бу руслар давлати”, деган. Бунга жавобан атрофдагилардан бири Қозоғистон қозоқлар давлати эканини эслатиб, ундан қўриқчининг талабини бажаришни сўраган. Кейинчалик қўриқчи чекни текширган ва энергетик ичимлик учун ҳақ тўланганига ишонч ҳосил қилган.

Полиция маълумотига кўра, видео тарқалгач, ҳолат юзасидан текширув ўтказилган. Эркакнинг шахси аниқланиб, у 40 ёшли, Қозоғистон фуқароси бўлгани ва Олмаотада яшаши маълум бўлган. Суд қарори билан унга нисбатан маъмурий жавобгарлик чораси қўлланиб, 20 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси Павлодарда истиқомат қилувчи аёлни қўлга олган эди. У ижтимоий тармоқлардаги видеомурожаатида Россия Президенти Владимир Путиндан Қозоғистонга қўшин киритишни сўраган ва қозоқларни ҳақорат қилган.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends