Қорақалпоғистонлик педагог “Йил ўқитувчиси“ бўлиб, 50 минг доллар мукофот олди (видео)
Local
−
13:02 1402 2 minutes
Қорақалпоғистонлик ўқитувчи Нигора Алламбергенова “Йил ўқитувчиси“ танловида ғолиб бўлиб, 50 минг доллар мукофот олди. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қорақалпоғистонга ташрифи давомида маълум қилинди.
Қайд этилишича, Қонликўл туманидаги 2-сонли мактаб ўқитувчиси Нигора Алламбергенова “Йил ўқитувчиси“ танловида ғолиб бўлган. У Президент билан мулоқот давомида икки йил аввалги суҳбатини эслаб, ўша пайтда чекка ҳудудда ишлашига қарамай, 2 минг доллар маош олаётганини айтганини қайд этган.
“Ҳурматли Президент, биз сиз билан икки йил олдинги мулоқотимизда, ўзим чекка ҳудудда ишласам ҳам 2 минг доллар маош оляпман, деган эдим. Сиз эса қачонки 4 минг доллар олаётган бўлсангиз, мен сиздан рози бўламан, деган эдингиз. Ҳурматли Президент, бугун сизга мақтаниб айта оламан. Мен “Йил ўқитувчиси“ танловининг ғолиби сифатида 50 минг доллар оляпман“, деган Нигора Алламбергенова.
Маълумот учун, республика бўйича 208 нафар, Қорақалпоғистондан эса 17 нафар ўқитувчи ушбу танловда ғолиб деб топилган.
Педагог, шунингдек, Қонликўл туманидаги 1-сонли мактаб биноси авария ҳолатида бўлгани ва ушбу мактаб 2019 йилдан буён туман техникуми биносида фаолият олиб борганини айтган. Унинг сўзларига кўра, Президент топшириғи билан мактаб учун бу йил 600 ўринли янги ва замонавий бино қуриб битказилган. Бундан ташқари, ёшлар дунёқарашини кенгайтиришга хизмат қилувчи туман кутубхонаси ҳам бу йил ўз биносига эга бўлган.
“Мана шулар учун, билимга, таълимга ва биз ўқитувчиларга қаратаётган эътибор ва ғамхўрлигингиз учун чуқур миннатдорчилигимни билдираман“, дея қўшимча қилган у.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 19 сентябрь куни Ўзбекистондаги педагоглар ўртасида йилнинг энг катта беллашуви – Президент ташаббуси билан жорий этилган “Йил ўқитувчиси“ танлови ғолиблари аниқланганди. Танловда 208 та туман (шаҳар) бўйича биринчи ўринни эгаллаган ғолибларнинг ҳар бири 616 млн сўм (базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 400 баравари) пул мукофоти билан мукофотланади.
Live
All