Қондошлар қўрқуви тугади: Мирзиёев ва Алиев СССР ўрнатган деворларни қандай йиқитди?
Review
−
19:25 1687 16 minutes
Оилавий ташриф. Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Ўзбекистонга келди. Расмий ташрифда унга рафиқаси – мамлакат биринчи вице-президенти Меҳрибон Алиева, қизи Лейла Алиева ва хатто набиралари ҳамроҳлик қилди.
Бир-биридан қўрқадиган қондошлар, ўзаро совуқ муносабат ва хавфсирашлар. СССР сиёсати ўртага қўйган кўринмас деворлар олиняпти. Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида узилган ришталарнинг қайта тикланиши нима берди, беряпти ва беради?
Энди Ўзбекистон ва Озарбайжон “абадий дўст”. Хўш, имозланган бу шартнома мамлакатларга қандай вазифаларни юклайди? Фойдаси нималарда сезилади?
Икки мамлакат ўртасидаги йиллар давомида сақланиб келган ҳуқуқий бўшлиқлар ҳам тўлдириляпти. Бу биринчи ўринда пенсионерлар муаммосини ечади. Энди бир мамлакатда орттирилган меҳнат стажи иккинчисида ҳам тўлиқ инобатга олинади. Яқин дақиқалар давомида икки қардош давлат ўртасидаги янги босқичга чиққан дўстлик ҳақида гаплашамиз.
Жорий йил, 23 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев рафиқаси — мамлакат биринчи вице-президенти Меҳрибон Алиева ҳамроҳлигида Ўзбекистонга келди. “Тошкент-Ҳумо” халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонларни давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев ва рафиқаси Зироат Мирзиёева кутиб олди.
Эътиборли жиҳати меҳмонлар қаторида президентнинг қизи Лейла Алиева ва набиралари ҳам бор эди. Бу эса дипломатик муносабатлар билан бир қаторда оилавий яқинлик ҳам жуда яхши эканлигини англатади. Икки давлатнинг биринчи хонимлари, оилалар фарзандлари ва набиралари биргаликда вақт ўтказгани ҳам гапимизга исбот. Бу ҳақида кейинроқ.
Ҳозир эса Президентар Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиев ўртасида қай даражада дўстона муносабат борлиги, бу яқинлик тарихий биродарликнинг мантиқий давоми эканини англатувчи видеони томоша қиламиз. Бунинг учун 2019 йилда Бакуда бўлиб ўтган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашининг еттинчи саммитига қайтамиз.
“Биз Озарбайжон халқининг буюк фарзанди Ҳайдар Алиев билан ҳамиша фахрланамиз. Ўзбекистонда уни эҳтиром билан хотирлашади. Мен у билан ишлаган одамлар билан кўп суҳбатлашганман. У ҳар доим ўзбек халқига ҳурмат билан муносабатда бўлган. Ҳайдар Алиев Шароф Рашидович билан кўп бор учрашиб, кўплаб қийин масалаларни биргаликда ечишган. Бугун орамизда ҳаёт бўлганлар Ҳайдар Алиевнинг ҳар қандай вазиятда Ўзбекистонга ҳурмат билан муносабатда бўлгани, қўллаб-қувватлаганини айтишади. Бизда “ўзбек иши” юзага келган оғир йилларда Ҳайдар Алиев бошқалардан фарқли ўлароқ ўзбек халқи ҳақида ўз шахсий фикрига эга бўлган”, деганди Шавкат Мирзиёев.
Ўз навбатида Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг сўзларини тасдиқлаган.
“Сиз мутлақо ҳақсиз. У ўзбек халқига катта ҳурмат ва муҳаббат билан муносабатда бўлган. Мен ўсмирлик чоғларимда унинг Шароф Рашидович Рашидов билан яқин дўстлигига гувоҳ бўлганман. Улар ака-укалардек дўст бўлдилар. Қайта қуриш йилларида муайян гуруҳлар томонидан олиб борилган сиёсат уларга оғир таъсир кўрсатганди. Бунга бош бўлган “таниқли” шахслар Гдлян ва Иванов эди. Улар фақат Ўзбекистонга эмас, барчамизга катта зарар етказишган. Бу Совет иттифоқининг туркий тилли республикаларга қарши атайлаб уюштирган ҳужуми эди. Бу ҳужумлар Озарбайжонни ҳам четлаб ўтмади. Улар Ўзбекистондагидек воқеаларни Озарбайжонда ҳам амалга оширишга ҳаракат қилдилар. Аммо бунга вақтлари етмади”, деган эди Президент Илҳом Алиев.
“Абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома” нимани англатади?
Жорий йилнинг, 23 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев рафиқаси – мамлакат биринчи вице-президенти Меҳрибон Алиева ҳамроҳлигида Ўзбекистонга келди. “Тошкент-Ҳумо” халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонларни давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев ва рафиқаси Зироат Мирзиёева кутиб олди. Эътиборли жиҳати – меҳмонлар қаторида президентнинг қизи Лейла Алиева ва набиралари ҳам бор эди. Бу эса дипломатик муносабатлар билан бир қаторда, оилавий яқинлик ҳам жуда яхши эканлигини англатади. Икки давлатнинг биринчи хонимлари, оилалар фарзандлари ва набиралари биргаликда вақт ўтказгани ҳам гапимизга исбот. Бу ҳақида кейинроқ. Ҳозир эса Президентар Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиев ўртасида қай даражада дўстона муносабат борлиги, бу яқинлик тарихий биродарликнинг мантиқий давоми эканини англатувчи видеони томоша қиламиз.
Бунинг учун 2019 йилда Бакуда бўлиб ўтган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашининг еттинчи саммитига қайтамиз.
Ўзбекистон ва Озарбайжон раҳбарларининг бугунги мулоқоти – шунчаки геосиёсий манфаатлар ёки навбатдаги давлат ташрифи эмас, балки мураккаб тарихий синовларда тобланган ҳақиқий биродарликнинг мантиқий ва замонавий давомидир.
ХХ асрнинг сўнгги йилларидаги адолатсизлик ва босимлар даврида Ҳайдар Алиев ҳамда Шароф Рашидов томонидан асос солинган ўзаро ҳурмат ва ишонч бугун икки мустақил ва суверен давлат ўртасидаги иттифоқчилик даражасига кўтарилди.
23 август куни ҳам расмий кутиб олиш маросимидан сўнг, Кўксарой қароргоҳида икки давлат етакчилари тор доирада учрашув ҳамда Олий давлатлараро кенгашнинг учинчи йиғилишини ўтказди. Музокараларда Ўзбекистон – Озарбайжон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилган. Шавкат Мирзиёев Озарбайжон Республикаси Президентининг бу галги давлат ташрифи тарихий воқеа эканини алоҳида таъкидлаган.
“Саммит якунида Абадий дўстлик тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши бунинг тасдиғи бўлади. Энг муҳими, стратегик шериклик ва иттифоқчилигимизнинг ҳар бир банди аниқ натижалар ва амалий ҳаракатларда ўз ифодасини топади”, дейди Шавкат Мирзиёев.
Ушбу учрашув давомида Марказий Осиё ҳамда Жанубий Кавказ ўртасида мутлақо янги геосиёсий ва геоиқтисодий архитектура шаклланаётганининг аниқ ва яққол белгилари кўринди. Тошкент ва Баку ўртасидаги сўнгги олий даражадаги мулоқот икки мамлакат алоқалари шунчаки дўстона ҳамкорлик доирасидан чиқиб, бир-бирининг иқтисодиётини тўлдирадиган ва бир-бирига таянадиган чинакам ҳамкор ҳамда бир-бирини ҳар жабҳада қўллаб-қувватлайдиган энг яқин иттифоқчига айланганини кўрсатди.
Рақамлар ҳам буни кўрсатмоқда. Сўнгги беш йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 3 баробарга ортган ва тез орада бу кўрсаткични 1 миллиард долларга етказиш бўйича аниқ чора-тадбирлар дастури қабул қилинди.
Жаҳондаги геосиёсий беқарорликни кўряпсиз. Анъанавий савдо маршрутларидаги узилишлар ҳаммани сергак тортишга мажбур қиляпти. Мана шундай шароитда икки давлат логистика имкониятларини бирлаштиришни – ҳаётий зарурият деб баҳолаяпти.
Йиғилишда “Ўрта йўлак” деб аталавучи Транскаспий халқаро транспорт маршрутини биргаликда ривожлантириш ва ўзаро боғлиқликни кучайтириш зарурлиги алоҳида кўрсатиб ўтилди. Ўзбекистон учун Озарбайжон инфратузилмаси Европа ва Яқин Шарқ бозорларига чиқишнинг энг қисқа ва хавфсиз дарвозаси бўлса, Баку учун Тошкент Марказий Осиё бозорларига киришнинг стратегик хабидир. Ушбу йўлакнинг ўтказувчанлик қувватининг ошиши ҳар икки мамлакатнинг рақобатбардошлигини ошириб, уларни Евроосиё қитъасининг асосий транзит тугунларига айлантиради. Бу борада Ўзбекистонда амалга оширилган ишлар Илҳом Алиев томонидан алоҳида олқишланди.
Бу сафарги расмий ташрифнинг энг асосий ва катта ютуғи икки президент томонидан имзоланган “Абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома” бўлди. Хўш, бу ҳамкорлик нималарни назарда тутади?
Бу икки мустақил давлат ўртасидаги дипломатик ва ҳуқуқий муносабатларнинг энг юқори даражаси ҳисобланади. У шунчаки рамзий номланиш эмас, балки чуқур геосиёсий мажбуриятларни ҳам икки томонга юклайди. Биринчи ўринда, ҳарбий ва хавфсизлик кафолатларини қамраб олади. Томонлар бир-бирининг суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва мустақиллигини сўзсиз тан олади ва ҳимоя қилади. Бири иккинчи тарафга қаратилган ҳарбий ёки сиёсий блокларга қўшилмайди. Қолаверса, икки давлат раҳбарлари даражасида махсус Кенгаш тузилиб, ҳар йили давлатлараро муҳим масалалар ва глобал хавфсизлик юзасидан ягона позиция шакллантирилади. Шунингдек, ташқи бозорлардаги инқирозлар пайтида бир-бирига иқтисодий ёрдам кўрсатиш, транспорт ва энергетика йўлакларида имтиёзли шароитлар яратиш мажбурияти олинади.
Сизда эҳтимол пайдо бўлган саволга ҳам жавоб бор. Ўзбекистон тарихида шундай битим яна кимлар билан имзоланган?
Мамлакат дипломатияси тарихида ушбу мақомга эга шартномалар ниҳоятда кам. Биринчи марта Туркия билан 1996 йил 8 майда Анқарада имзоланган. Кейинги “Абадий дўстлар” эса қўшнилар. Қирғизистон билан 1997 йил 10 январда Бишкекда имзоланган бўлса, орадан бир йил ўтиб, 1998 йил 31 октябрда Тошкентда Қозоғистон билан имзоланган.
Демак, янги Ўзбекистон давридаги биринчи “Абадий дўстлик шартномаси” айнан Озарбайжон билан имзоланди.
Қолаверса Олий давлатлараро кенгаш учинчи йиғилишининг қарори икки мамлакат ўртасидаги дипломатик муносабатларни мутлақо янги ва олий мақомга олиб чиқди. Ушбу ҳужжат шунчаки навбатдаги расмий келишувлар тўплами бўлиб қолмай, пойтахтлар ва ҳудудлар даражасидаги ўзаро ҳамкорликнинг кейинги йиллардаги ривожланиш траекториясини белгилаб беради.
Йиллар давомида икки мамлакат ўртасидаги ҳуқуқий ва идоравий алоқалар етарлича мувофиқлаштирилмагани сабабли кўплаб ташаббуслар амалиётга секин татбиқ этилаётган эди. Вазирликлар ўртасида кўп йиллик аниқ режалар тузилиши ва хавфсизлик масалаларида тажриба алмашинувининг йўлга қўйилиши натижасида идоралараро бюрократия тўсиқлари йўқолади. Бу эса халқаро майдонда ташқи сиёсий позицияларни жипслаштириш ва ҳуқуқий-хавфсизлик масалаларида тезкор қарорлар қабул қилиш кафолатини беради.
Эндиликда ўзаро бозорни тўлдирувчи товарлар рўйхатининг шакллантирилиши ва ҳаракатлар режасининг қабул қилиниши эвазига савдо тўсиқлари олиб ташланади ва саноат кооперацияси учун кенг йўл очилади. Кутилаётган натижа шуки, 2030 йилга бориб 1 миллиард долларлик марра нафақат номинал кўрсаткич сифатида забт этилади, балки ҳар иккала давлат бизнес вакиллари учун учинчи мамлакатлар бозорларига биргаликда чиқиш имконияти яратилади.
Авваллари икки мамлакат ўртасида меҳнат қилаётган ёки истиқомат қилаётган фуқароларнинг ижтимоий ва пенсия ҳуқуқларини таъминлашда муайян ҳуқуқий бўшлиқлар сақланиб қолаётган эди. Имзоланган битимлар Ўзбекистон ва Озарбайжонда меҳнат стажига эга фуқароларнинг пенсия кафолатларини узил-кесил ҳал этиши билан бирга, туристик ва маданий алмашинувларни бир неча баробар оширишга хизмат қилади. Оқибатда, халқлар ўртасидаги дўстона ришталар янада мустаҳкамланади ва маданий туризм соҳасида янги лойиҳалар пайдо бўлади.
Тақдирланган президентлар
Олий даражадаги учрашувлар шунчаки протоколдан иборат бўлмади. Тошкент ва Баку ўртасидаги муносабатлар дипломатик шериклик чегарасидан ўтиб, эмоционал ва стратегик жиҳатдан узвий боғланган биродарлик босқичига етди дейишимиз учун асослар бор.
23 август куни Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон ва Озарбайжон Президентларини икки мамлакатнинг олий давлат мукофотлари билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Ўзбекистон Республикасининг олий давлат мукофоти – “Олий Даражали Дўстлик” ордени билан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев эса Озарбайжоннинг олий давлат мукофоти – “Ҳайдар Алиев” ордени билан тақдирланди.
Дипломатик амалиётда олий мукофотлар билан ўзаро тақдирлаш шунчаки расмий илтифот эмас, балки икки етакчининг ўзаро ишончи ва халқларнинг тарихий яқинлигини эътироф этиш воситасидир. Ўзбекистон раҳбари Илҳом Алиевга “Олий Даражали Дўстлик” орденини топширар экан, бу қарор Озарбайжон Президентининг қардош мамлакатлар ўртасидаги дўстлик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлашдаги хизматларига нисбатан Ўзбекистон халқининг самимий ҳурмати ва эътирофининг ифодаси эканини таъкидлади. Шавкат Мирзиёев Илҳом Алиев ўзининг отаси – атоқли давлат арбоби Ҳайдар Алиевнинг ишини муносиб давом эттираётганини, унинг раҳбарлигидаги оқилона ислоҳотлар туфайли Озарбайжон тараққиёт борасида ва халқаро майдонда улкан ютуқларга эришаётганини, қолаверса, икки давлат ўртасида иттифоқчилик муносабатлари қарор топишида айнан унинг ўрни беқиёс эканини алоҳида қайд этди.
Ўз навбатида, Шавкат Мирзиёевга Озарбайжоннинг олий мукофоти топширилди. Ўзбекистон етакчиси ушбу орденни алоҳида эҳтиром билан қабул қилиб олди. Президент ушбу мукофотни абадий дўстлик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлаш йўлидаги қўшма саъй-ҳаракатларга берилган юксак баҳо сифатида қабул қилишини айтиб, орден бутун умрини Ватанига хизмат қилишга бағишлаган ҳамда Озарбайжоннинг келгуси тараққиёти учун мустаҳкам пойдевор яратган улуғ давлат арбоби Ҳайдар Алиев номи билан алоҳида аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Ҳайдар Алиевнинг Ўзбекистон тарихи ва маданиятини юксак қадрлагани ҳамда икки халқнинг яқинлашувига салмоқли ҳисса қўшгани хотирланди.
Ушбу ўзаро мукофотлаш маросими ортида ётган асосий сиёсий сабаб – сўнгги йилларда икки мамлакат етакчиларининг шахсий дипломатик иродаси эвазига эришилган иқтисодий, транспорт ва гуманитар натижалардир. Бунинг оқибатида, Тошкент ва Баку нафақат икки томонлама муносабатларда янги саҳифа очди, балки Туркий дунё интеграцияси ва Марказий Осиё-Жанубий Кавказ транс-минтақавий ҳамкорлигининг асосий двигателига айланди. Кутилаётган натижа шундан иборатки, олий даражадаги бундай юксак эътироф ва шахсий дўстлик кафолати келгусида барча соҳалардаги келишувлар ижросини тезлаштиради ва икки қардош халқ ўртасидаги муносабатлар янги амалий мазмун билан бойиб боришини таъминлайди.
Биринчи хонимлар қандай вақт ўтказди?
Икки мамлакат етакчиларининг расмий музокаралари билан бир қаторда, уларнинг оила аъзолари ўртасидаги учрашувлар ҳам олий даражадаги ташрифга алоҳида илиқлик ва оилавий дўстлик руҳини бағишлади. 23 август куни Озарбайжон Республикаси Биринчи вице-президенти Меҳрибон Алиева, қизи Лейла Алиева ва набиралари Ўзбекистон Биринчи хоними Зироат Мирзиёева ва унинг қизлари – Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева ва оиланинг кенжа вакиллари билан биргаликда Тошкент шаҳридаги бир қатор маданий тадбирларда иштирок этдилар.
Xонимлар дастлаб Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб, бу ерда яратилган бой маданий ва маънавий мерос билан танишдилар. Меҳмонларга марказнинг “Исломгача бўлган цивилизациялар”, “Биринчи Ренессанс даври”, “Иккинчи Ренессанс даври”, “Ўзбекистон XX асрда”, “Янги Ўзбекистон – Учинчи Ренессанс асоси” ҳамда “Қуръони Карим” залларида жойлаштирилган ноёб экспонатлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Саммий мулоқот ва ўзаро маданий яқинлик муҳитида кечган ташриф Тошкент шаҳридаги Охунгузар арт-мажмуасида давом этди. Бу ерда икки мамлакат Биринчи оиласи аъзолари миллий либослар, ҳунармандчилик ва қўл меҳнати буюмлари кўргазмасини кўздан кечирдилар.
“Озарбайжон” боғи қурилади
Янги Тошкентда “Озарбайжон” боғи барпо этилади. 23 август куни икки президент боғни барпо этиш ишларига тантанали равишда старт бериб, бўлажак мажмуа ҳудудига рамзий капсулани жойлаштирдилар. Шу тариқа Янги Тошкентдан ажратилган 4 гектар майдонда Озарбайжоннинг бой маданияти, кўп асрлик тарихи ва миллий анъаналарини ўзида мужассам этган замонавий жамоат макони барпо этилиши бошланди. Ушбу ташаббуснинг илдизлари ва зарурати икки тарафлама тарихий пойдеворга таянади. Илгари икки мамлакат ўртасидаги маданий ва гуманитар мулоқотлар кўпроқ қисқа муддатли тадбирлар ёки кўргазмалар билан чекланиб қолган бўлса, бугун у доимий ва моддий меъморчилик шаклига ўтяпти. Ушбу лойиҳа ўзаро тенглик ва дўстлик тамойилига асосланган дейиш мумкин. Чунки, 2025 йилнинг 2 июлида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Озарбайжонга амалга оширган давлат ташрифи чоғида Баку шаҳрининг “Оқ шаҳар” ҳудудида 4,5 гектар майдонни эгаллайдиган “Ўзбекистон” боғига тантанали равишда тамал тоши қўйилган эди. Бакудаги мажмуада Ўзбекистоннинг бой маданияти, миллий меъморчилик мактаби, тарихий обидаларининг рамзий тимсоллари ҳамда хушманзара сайр масканлари бунёд этилаётган бўлса, Тошкентдаги боғ – Озарбайжон маданий руҳиятини пойтахт марказида гавдалантиради.
Икки пойтахтда ҳам қардош халқларнинг маданий масканларининг яратилиши натижасида Тошкент ва Баку аҳолиси ҳамда сайёҳлари бир-бирининг тарихи ва анъаналари билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш имконига эга бўлади. Кутилаётган натижа шундаки, ушбу боғлар нафақат шаҳарларнинг туристик жозибадорлигини оширади ва эстетик қиёфасини бойитади, балки келажак авлодлар учун икки қардош халқнинг кўп асрлик дўстлиги, маънавий бирлиги ва узвий боғлиқлигини эслатиб турувчи абадий маданий кўприк вазифасини ўтайди.
Озарбайжон билан стратегик алоқалар нафақат давлатлараро маданий-маърифий ва сиёсий лойиҳаларда, балки йирик иқтисодий-инвестициявий ташаббусларда ҳам ўз ифодасини топмоқда. Шундай йирик лойиҳалардан бири сифатида озарбайжонлик таниқли тадбиркор ва инвестор, Озарбайжон Президентининг собиқ куёви Эмин Агаларов томонидан Ўзбекистонга киритилаётган кўп миллион долларлик бир нечта сармояларни кўрсатиш мумкин. Унинг Crocus Group ва Agalarov Development компаниялари томонидан Тошкент вилоятидаги Чорвоқ сув омбори соҳилида амалга оширилаётган Sea Breeze Resort халқаро туристик мажмуаси шулар жумласидандир. Ушбу улкан лойиҳа минтақанинг туристик салоҳиятини ошириш, замонавий дам олиш масканлари ва инфратузилмани яратишга қаратилган дейилсада, бу ташаббус жамоатчилик эътирозидан четда қолгани йўқ.
Совет геосиёсатининг кўринмас деворлари
Ўзбекистон ва Озарбайжон халқларини бир-бирига боғлаб турувчи илдизлар минг йиллик тарихга эга: ҳар иккиси ҳам туркий тил ва маданият оиласига мансуб, дини бир, маънавий-адабий мероси туташган. Бироқ СССР даврида юритилган стратегик бўлиниш сиёсати ушбу табиий ришталарни сунъий равишда узиб қўйди. Москва томонидан юритилган “бўлиб ташла ва ҳукмронлик қил” тамойили натижасида бир қондан бўлган қўшни ва қардош республикалар бир-бирига тўғридан-тўғри чиқиши, иқтисодий-сиёсий ҳамкорлик қилиши чекланди. Ҳар бир республика фақат Марказ орқали мулоқот қилишга мажбур этилди, бу эса халқларда бир-биридан хавфсираш ва совуқлик кайфиятини шакллантирди.
1991 йилда мустақилликка эришилгандан кейин ҳам геосиёсий мураккабликлар сақланиб қолди. БМТ ва бошқа халқаро ташкилотларда Ўзбекистон Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлигини доимо қўллаб-қувватлаган бўлса-да, амалиётда, айниқса Қорабоғ зиддияти масаласида эҳтиёткор ва бетараф позицияни эгаллашга мажбур бўлди. Минтақавий хавфсизлик ва Россия омили сабабли Тошкент ва Баку ўртасидаги алоқалар узоқ йиллар давомида кутилган динамика ва яқинликка эга бўлмади.
1991–2016 йиллар оралиғида икки мамлакат раҳбарларининг ўзаро давлат ва расмий ташрифлари ҳақиқатан ҳам ниҳоятда кам бўлган. Ушбу 25 йиллик даврда расмий ва давлат ташрифи мақомидаги олий даражадаги мулоқотлар бор-йўғи 5 маротабани ташкил этган.
Умуман олганда Ўзбекистон ва Озарбайжон муносабатлари Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги (МДҲ) давлатлари орасида нисбатан сал кечроқ бошланган. 1996 йилда Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилган. Ўша йили 27–28 май кунлари Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов Озарбайжонга расмий ташриф билан борган. Ташриф давомида икки мамлакат ўртасида дўстлик ва ҳамкорликни ривожлантиришга оид асосий битимлар имзоланган.
1997 йилда Озарбайжон биринчи президенти Ҳайдар Алиев Ўзбекистонга расмий ташриф билан келган. Лекин Озарбайжон билан иқтисодий жиҳатдан алоқалар унчалик катта бўлмаган. Маълумотларга кўра, икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш 25 миллион долларга ҳам етмаган. Кейинги расмий ташриф эса орадан 7 йил ўтиб бўлган. 2004 йил 23–24 март кунлари Озарбайжоннинг янги сайланган Президенти Илҳом Алиев Ўзбекистонга давлат ташрифини амалга оширди. 2008 йил 11–12 сентябрда эса Ислом Каримов Озарбайжонга расмий ташриф билан борди. 2010 йил 27–28 сентябрь кунлари Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга расмий ташрифи бўлиб ўтди. Ислом Каримовнинг Озарбайжонга амалга оширган энг охирги расмий ташрифи 2012 йил 11–12 октябрь кунлари бўлиб ўтган эди. Шундан сўнг, то 2016 йилгача, Ислом Каримов вафотига қадар икки давлат раҳбарларининг ўзаро расмий ёки давлат ташрифлари деярли тўхтаб қолган, мулоқотлар фақат кўп томонлама халқаро саммитлар доирасида чекланган эди.
2017 йилдан вазият кескин ўзгарди. Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Илҳом Алиев ўртасидаги илк олий даражадаги икки томонлама расмий мулоқотлар тикланди ва 2022 йил 21–22 июнь кунлари Илҳом Алиевнинг Тошкентга амалга оширган давлат ташрифи билан икки мамлакат ўртасида Стратегик шерикликни чуқурлаштириш тўғрисида декларация имзоланди. Кейинчалик, 2023 йил 22–23 август кунлари Шавкат Мирзиёевнинг Баку ҳамда озод этилган Фузулий ва Шуша шаҳарларига амалга оширган давлат ташрифи эса муносабатларни узил-кесил иттифоқчилик даражасига олиб чиқди.
Сўнгги 8–9 йил ичида олий даражадаги 10 дан ортиқ ўзаро ташрифлар ва интенсив музокаралар ўтказилди. Озарбайжоннинг II Қорабоғ урушида ўз ҳудудий яхлитлигини тиклашидан сўнг, биринчилардан бўлиб Фузулий шаҳрида Ўзбекистон ҳисобидан 960 ўринли замонавий Мирзо Улуғбек номидаги мактаб барпо этилди. Бу Ўзбекистоннинг панжа ортидан қараш сиёсатига чек қўйиб, амалий қардошлик позициясига ўтганининг яққол исботи бўлди. Товар айирбошлаш ҳажми сўнгги беш йилда 3 баробарга ортди. Энди буни 1 млрд долларга етказиш белгиланди.
Хулоса қилиб айтганда, Тошкент ва Баку ўртасидаги ушбу тарихий қадамлар шунчаки навбатдаги дипломатик мулоқот эмас, балки совет давридан қолган сунъий ғовларни узил-кесил парчалаган ҳақиқий қардошлик тантанасидир. Йиллар давомида узилиб қолган ришталарнинг қайта тикланиши ва янги босқичга кўтарилиши Марказий Осиё ҳамда Жанубий Кавказ ўртасидаги яхлит ҳамда қудратли ҳамкорлик кўпригини барпо этяпти. Иқтисодий манфаат ва қон-қардошлик бирлашган ушбу стратегик иттифоқ келажакда ҳар икки халқнинг фаровонлиги ҳамда минтақанинг барқарор ривожига хизмат қилади деб умид қиламиз.
Live
All