Қодиров Россиядаги энг олий ҳарбий унвонни олди
World
−
20:47 1132 2 minutes
Бугун, 3 октябрь куни Росгвардия директори Виктор Золотов Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировга армия генерали унвонини ва крап беретини (махсус бо кийим) топширди. Бу ҳақда “Чечня Сегодня” хабар берди.
Золотовнинг баён қилишича, Россия Президенти Владимир Путин Қодировнинг ҳарбий унвонини оширган. Унга, яъни Золотовга Путиннинг фармонини Қодировга “етказиш” ва армия генералининг олтин погонлари топширилган.
“Бироқ бу ҳали ҳаммаси эмас. Уч кун олдин биз идора махсус топшириқли кучлари ташкил этилганининг навбатдаги йиллигини нишонладик, ана шу кучларда крап беретини топшириш анъанаси пайдо бўлган эди. Ва миннатдорчилик белгиси сифатида… армия генерали Қодировга ушбу энг муҳим рамзни топширишга қарор қилинди”, дея қўшимча қилган Золотов.
Маълумот учун, бунгача Қодиров генерал-полковник унвонида эди. У ушбу унвонни 2022 йилда олган. Армия генерали унвони де-факто Россия армиясидаги энг олий унвон ҳисобланади: ундан юқори фақат маршал унвони бўлиб, у 1997 йилдан бери ҳеч кимга берилмаган. Крап берети эса Росгвардия ва бошқа баъзи куч тузилмаларининг махсус топшириқли бўлинмаларида энг олий фарқлаш белгиси ҳисобланади. Уни қўлга киритиш учун гоҳида иштирокчиларнинг ўлими билан якунланадиган бир қатор синовлардан ўтиш талаб этилади. Рамзан Қодировнинг ушбу синовларда иштирок этгани ҳақида маълумотлар йўқ. Шу билан бирга, у илгари ҳам крап беретини кийиб юрган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Рамзан Қодиров Чеченистон раҳбари сайловида рекорд даражадаги 99,85 фоиз овоз олиб, ғолиб бўлгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All