Қизил китобга киритилган қўнғир айиқни овлаганларга жиноят иши қўзғатилди
Crime
−
21:33 1129 2 minutes
Сурхондарё вилоятининг Сариосиё тумани ҳудудида Қизил китобга киритилган 1 дона Тян-Шан қўнғир айиғи ва 3 дона ёввойи тўнғизни овлаган шахсларга жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси хабар берди.
Қайд этилишича, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятлари Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармалари ходимлари ҳамкорлигида навбатдаги рейд тадбири ўтказилган.
Рейд давомида оқ рангли “Niva Legend” русумли автомашина тўхтатилиб, кўздан кечирилганида устки юкхонасида 8 та қопда 1 дона айиқ ва 3 дона ёввойи чўчқанинг тана бўлаклари топилган. Шунингдек, автомашинада 3 дона сойли стволли ов қуроли, МС-2112 русумли силлиқ стволли ов милтиғи, Монза русумли ўқланган, ўқдонида 7,62 калибрли 4 дона ўқ бўлган сойли стволли ов қуроли, 43 дона 7,62 калибрли жанговар ўқ-дори, 56 дона майда сочмали ўқ, 13 дона якка жанговар ўқ, 2 дона бинокль, 2 дона овоз пасайтирувчи мослама (глушител), пичоқлар, фонарлар, болта ва бошқа буюмлар аниқланган.
Рейд давомида ҳуқуқбузарлар томонидан Сурхондарё вилояти Сариосиё тумани ҳудудида Қизил китобга киритилган 1 дона Тян-Шан қўнғир айиғи ва 3 дона ёввойи тўнғиз ноқонуний овлангани маълум бўлган. Натижада ҳайвонот дунёсига 679 млн 800 минг сўм моддий зарар етказилган.
Ҳолат юзасидан ов қуроллари, ўқ-дорилар, рухсатномалар ва овчилик гувоҳномалари вақтинча сақлаш учун Самарқанд вилояти ИИБга топширилган, транспорт воситаси жарима майдончасига жойлаштирилган. Шунингдек, ҳуқуқбузарларга нисбатан Жиноят кодексининг 202-моддаси (Ҳайвонот ёки ўсимлик дунёсидан фойдаланиш тартибини бузиш) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманида 400 дан ортиқ балиқ овлаган шахс табиатга 12 миллиард сўмдан кўпроқ зарар етказганди.
Live
All