Қирғизистонда яна Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари ўзгарди
World
−
30 June 11390 4 minutes
Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раиси Жумғалбек Шабданбеков бошқа ишга ўтгани муносабати билан эгаллаб турган лавозимидан озод этилди, идора раҳбари вазифасини бажарувчи этиб аввал бош прокурор лавозимида ишлаб келган Мақсат Асаналиев тайинланади. Бу ҳақда мамлакат Президенти Садир Жапаровнинг матбуот хизмати хабар берди.
“Жумғалбек Шабданбеков бошқа ишга ўтгани муносабати билан МХДҚ раиси лавозимидан озод этилди. Бош прокурор Мақсат Асаналиевнинг истеъфоси қабул қилинди. Мақсат Асаналиев Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи этиб тайинланди”, дейилади хабарда.
Асаналиев номзоди МХДҚ раиси лавозимига тайинланиши учун Қирғизистон Республикаси Жўқорғу Кенешига (Олий Кенгаш) келишиш учун киритилмоқда. Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Малик Бектурғанов зиммасига бош прокурор вазифасини вақтинча бажариш юклатилган.
Маълумот учун, Мақсат Асаналиев 1978 йил 24 мартда Иссиқкўл вилоятининг Қоракў қишлоғида туғилган. Қирғизистон миллий университетининг юридик факультетини тамомлаган. Фаолиятини давлат хавфсизлик органларида бошлаб, МХДҚ терговчиси ва ўта муҳим ишлар бўйича катта терговчиси лавозимларида ишлаган. Кейинчалик прокуратура ва ҳуқуқ-тартибот органлари тизимида раҳбарлик лавозимларини эгаллаган.
Мақсат Асаналиев 2024 йилда Қирғизистон Бош прокурори этиб тайинланган. Профессионал доираларда Асаналиев ўзининг қатъий иш услуби ва шов-шувли жиноят ишларини тергов қилишдаги принципиал позицияси билан танилган. Манбаларнинг сўзларига кўра, айнан шу фазилатлар унинг номзодини МХДҚ раҳбари лавозимига кўриб чиқишда асосий омиллардан бири бўлган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг февралида, Қамчибек Ташиев ишдан олинганидан кейин Шабданбеков Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланганди.
Айни пайтда Ташиев “75 лар хати” деб аталаётган ишда фигурант бўлиб турибди ва суд жараёни давом этмоқда. Тергов махсус хизматнинг собиқ раҳбарини ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаб олишга тайёргарлик кўриш ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилишда айбламоқда. У билан бирга судланувчилар курсисида яна етти киши ўтирибди: собиқ бош прокурор Қурманқул Зулушев, Жўқорғу Кенеш собиқ спикери Нурланбек Турғунбек ўғли, Бекболот Талғарбеков, Қурсан Асанов, Қурманбек Дийканбаев, Али Қарашев ва Қирғизистоннинг собиқ қишлоқ хўжалиги вазири ва Ўзбекистондаги собиқ элчиси Эмиль Узоқбоев. Кеча, 29 июнь куни Қирғизистоннинг Бишкек шаҳар Биринчи май туман судида ҳокимиятни эгаллашга тайёргарлик кўриш бўйича жиноий иш юзасидан давом этаётган судда прокурорлар ишга алоқадор ҳар бир айбланувчига нисбатан 9 йиллик қамоқ жазоси сўради.
Ташиев истеъфоси
Жорий йилнинг 10 февраль куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси – Бош вазир ўринбосари Қамчибек Ташиев Президент Садир Жапаровнинг фармони билан лавозимидан озод этилди. У ўз қарорини “жамиятда бўлинишга йўл қўймаслик” истаги билан изоҳлади. Қамчибек Ташиевнинг ўзи бу ҳақда Германияда юрак операциясидан сўнг режали текширувда бўлганида хабар топганини маълум қилди.
Ташиев ортидан унинг биринчи ўринбосари Қурбонбек Авазов, киберхавфсизлик маркази директори Даниэль Рисалиев ва Антитеррор маркази директори Элизар Сманов ишдан олинди. Абдукарим Алимбоев Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раисининг биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилиб, Давлат чегара хизмати раиси этиб тайинланди. Унинг ўрнини Хавфсизлик кенгаши котиби лавозимида ишлаб келаётган Рустам Мамасадиқов эгаллади.
2020 йилдан буён Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг 9-хизмати бошлиғи ва раис ўринбосари лавозимида ишлаб келган Жумгалбек Шабданбеков Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланди.
Шунингдек, шу куннинг ўзида Чегара хизмати давлат қўмитаси таркибидан чиқарилди.
Жапаров ва Ташиев тандеми
Маълумот учун, Қамчибек Ташиев 2020 йил 16 октябрь куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси этиб тайинланган эди. Фармонни 2020 йил 5–6 октябрь воқеаларидан сўнг президент вазифасини бажарувчи сифатида Садир Жапаров имзолаган.
Қамчибек Ташиев ва амалдаги Президент Садир Жапаров ўртасидаги кўп йиллик муносабатлар мамлакатдаги энг барқарор ва таъсирли сиёсий иттифоқлардан бири сифатида баҳоланиб келган. Уларнинг ҳамкорлиги ҳокимият тепасига келишидан анча олдин бошланган: 2010 йиллар бошида улар бир неча бор сиёсий жараёнларда бир томонда бўлган, 2012 йилдаги умумий жиноий эпизодни ҳам бирга бошдан кечирган, бу эса уларнинг шахсий яқинлигини янада мустаҳкамлаган.
2020 йил октябрь воқеаларидан сўнг тандем якуний шаклга келди: Садир Жапаров Президент лавозимини эгаллади, Қамчибек Ташиев эса МХҚ раҳбари этиб тайинланиб, куч блокининг асосий таянчига айланди. Айнан у энг шов-шувли ишларни назорат қилган, куч сиёсатини шакллантирган ва амалда Президент жамоасининг энг яқин ишончли шахсларидан бири бўлиб келган.
Экспертлар орасида уларнинг иттифоқи кўпинча мамлакатдаги энг мустаҳкам сиёсий дуэт деб аталарди, Қамчибек Ташиев атрофидаги ҳар қандай кадр ўзгаришлари эса ҳокимият конфигурациясидаги жиддий ўзгаришлар белгиси сифатида қабул қилинар эди.
Сўнгги пайтларда сиёсий доираларда махсус хизмат раҳбарининг бўлажак Президент сайловларида иштирок этиши мумкинлиги ҳақида миш-мишлар тарқалган эди. Қамчибек Ташиев эса бир неча бор президентлик пойгасида қатнашмоқчи эмаслигини ва Садир Жапаровни қўллаб-қувватлашини маълум қилган.
Live
All