Қирғизистонда ҳам ичиб рулга ўтирганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланмоқда

World

image

Қирғизистонда бундан буён маст ҳолда автомобиль бошқаргани учун такроран қўлга тушган ҳайдовчиларга нисбатан жиноий жавобгарлик жорий этилади. Бу ҳақда Президент Садир Жапаров томонидан имзоланган “Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш масалаларига оид бир қатор қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонунда сўз борган. 

Ҳужжат 15 апрель куни Жогорку Кенеш (парламент) томонидан қабул қилинган бўлиб, йўл ҳаракати қоидабузарликлари, айниқса, маст ҳолда транспорт воситасини бошқарганлик учун жавобгарликни кучайтиради.

Агар шахс маъмурий жазога тортилганидан сўнг бир йил ичида яна маст ҳолда рулга ўтирса, у 150 минг сомгача (тақрибан 1715 АҚШ доллари)  жаримага тортилиши ёки бир йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Мастлик ёки гиёҳванд моддалар таъсирида содир этилган ва жабрланувчиларга олиб келган йўл-транспорт ҳодисалари учун жазо янада қаттиқлашади. Агар йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида соғлиққа оғир шикаст етказилса, айбдор беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилинади. Оқибатлар ўта оғир кечса, бу муддат саккиз йилдан ўн йилгача бўлади. Шу билан бирга, суд айбдорни ўн икки йилгача транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилади.

Қонун, шунингдек, автомобилларни эвакуация қилиш қоидаларига ҳам ўзгартириш киритади.

Энди машина фақат аниқ белгиланган ҳолларда: темирйўл изларида, кўприкларда, пиёдалар ўтиш жойларида қолдирилган, шошилинч хизматлар ҳаракатига тўсқинлик қилаётган, ногиронлиги бўлган шахслар учун ажратилган жойларни эгаллаган ёки авария-қутқарув ишларига халақит бераётган бўлса, жарима майдончасига мажбуран олиб кетилади.

Қонунчиликда илк бор ғилдиракларни блоклаш механизми жорий этилмоқда.

Махсус қурилмалар автомобиллардан ташқари, руль бошқаруви ва педалларини блоклаш орқали мотоцикллар, квадросикллар ва бошқа мототранспорт воситаларига ҳам ўрнатилиши мумкин.

Ҳужжатсиз транспорт воситасини бошқарганлик учун жарималар жиддий ўзгармоқда.

Ҳайдовчилик гувоҳномаси, рўйхатга олиш ҳужжатлари ёки тегишли тоифаси бўлмаган ҳолда машина бошқарганлик учун 10 ҳисоблаш кўрсаткичи (1 минг сом) миқдорида жарима солинади. Умуман бошқариш ҳуқуқига эга бўлмаган шахснинг автомобилни бошқарганлиги учун жарима 150 ҳисоблаш кўрсаткичини (15 минг сом), илгари ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этилганлар учун эса 200 ҳисоблаш кўрсаткичини (20 минг сом) ташкил этади.

Ўзбекистонда-чи?

Ўзбекистонда ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини алкоголли ичимликдан мастлик ҳолатида ёки гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп ёки шахснинг ақл-идрокига таъсир кўрсатувчи бошқа моддалар таъсири остида бошқариши  Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 131-моддаси санкциясига асосан транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан уч йил муддатга маҳрум қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг қирқ баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахс томонидан содир этилган бўлса, – базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баравари миқдорида жарима солишга ёки ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Шунингдек, Ўзбекистонда ҳам бундай қоидабузарлик маъмурий жавобгарлик белгиланганидан кейин такроран содир этилишига нисбатан жиноий жавобгарлик белгиланган бўлиб, уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг мастлик ҳолатида ёки гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп ёки шахснинг ақл-идрокига таъсир кўрсатувчи бошқа моддалар таъсири остида эканлигини аниқлаш учун текширувдан ўтишдан бўйин товлаши, шундай қилмиш ёхуд транспорт воситаларини мастлик ҳолатида ёки гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп ёки шахснинг ақл-идрокига таъсир кўрсатувчи бошқа моддалар таъсири остида бошқарганлиги учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, — уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends