Исроилнинг Ғазога ҳужумларида камида 8 фаластинлик ҳалок бўлди
World
−
09:32 400 2 minutes
Исроил армиясининг Ғазо секторига уюштирган ҳужумларида камида 8 нафар фаластинлик, жумладан, 4 ёшли бола ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Al Jazeera” хабар берди.
Маълум қилинишича, кеча, 1 ноябрь куни Ғазо секторининг жанубидаги Хон Юнис шаҳри ғарбидаги ал-Мавоси ҳудудида Исроил дронлари ҳужуми оқибатида 5 нафар фаластинлик полициячи ҳалок бўлган, бир неча киши яраланган. Фаластин Ички ишлар ва Миллий хавфсизлик вазирлиги маълумотига кўра, улар хизмат вазифаларини бажараётган вақтда нишонга олинган.
Шунингдек, Ғазо секторининг шимолида, Ғазо шаҳрининг ар-Римал маҳалласига берилган дрон зарбаси оқибатида яна камида 3 киши, жумладан, 4 ёшли бола ҳалок бўлган. Бу ҳақда аш-Шифо шифохонаси манбалари маълум қилган.
Исроил армияси эса жанубий Ғазодаги ҳужумда “террорчи” нишонга олинганини билдирган.
Фаластин Ички ишлар вазирлиги ўтган йилнинг октябрь ойида ҲАМАС билан ўт очишни тўхтатиш келишуви кучга кирганидан бери Исроил ҳужумлари оқибатида камида 75 нафар полициячи ва хавфсизлик ходими ҳалок бўлганини маълум қилган.
ҲАМАС сўнгги ҳужумларни “қасддан содир этилган ҳарбий жиноят” деб атаган.
Маълумот учун, АҚШ воситачилигида эришилган ўт очишни тўхтатиш келишуви 2025 йилнинг октябрь ойида кучга кирганига қарамай, Исроилнинг Ғазога ҳужумлари давом этмоқда. Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 2023 йилнинг октябридан буён Исроил ҳужумлари оқибатида камида 74 594 нафар фаластинлик ҳалок бўлган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил босиб олган Ғарбий Соҳилда яҳудий кўчманчилар томонидан амалга оширилган ҳужумлар чоғида Франция, Бельгия ва Польша дипломатларига тегишли автомобилларга тош отилгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All01 November
01 November
01 November