Исроиллик кўчманчилар ғарб дипломатларига ҳужум қилди
World
−
10:04 595 2 minutes
Исроил босиб олган Ғарбий Соҳилда яҳудий кўчманчилар томонидан амалга оширилган ҳужумлар чоғида Франция, Бельгия ва Польша дипломатларига тегишли автомобилларга тош отилди. Бу ҳақда “The Times of Israel” нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, воқеа кеча, 17 октябрь куни Ғарбий Соҳилдаги Тайбеҳ қишлоғида дипломатлар зайтун ҳосилини йиғиш жараёни билан танишиш учун ташриф буюрган вақтда содир бўлган. Ҳодиса акс этган видеоларда дипломатик делегация автомобилларидан бирига тош отилгани ва унинг ойнаси синдирилганини кўриш мумкин.
Маҳаллий ОАВга кўра, кун давомида Ғарбий Соҳилнинг турли ҳудудларида содир этилган алоҳида ҳужумлар оқибатида уч нафар фаластинлик жароҳатланган. Шунингдек, кўчманчилар фермалардан бирига уюштирган ҳужум вақтида фаластинликларга тегишли 20 га яқин қўй пичоқлаб ўлдирилгани айтилмоқда.
Исроил мудофаа армияси дипломатлар билан боғлиқ ҳужумни кескин қоралаган. Шу билан бирга, ҳарбийлар дипломатик делегация Тайбеҳга ташрифи ҳақида олдиндан мувофиқлаштириш ўтказмаганини билдирган. Исроил полицияси эса ҳодиса юзасидан тергов бошлаган.
Маълумот учун, Ғарбий Соҳилда ҳар йили зайтун ҳосилини йиғиш мавсумида фаластинликларга қарши кўчманчилар ҳужумлари кўпайиши кузатилади. Бу ҳудудда бундай ҳужумлар мунтазам содир бўлиб, маҳаллий аҳоли ва фермерларнинг хавфсизлиги юзасидан хавотирларни кучайтирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил полицияси ҳимояси остида 1 317 нафар исроиллик Қуддусдаги Ал-Ақсо масжиди ҳудудига бостириб киргани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All