Исроил ва АҚШ разведкаси Мужтабо Хоманаийни қидиришни бошлади – ОАВ

World

image

АҚШ ва Исроил махсус хизматлари томонидан Эроннинг янги Олий раҳбари Оятуллоҳ Мужтабо Хоманаийнинг қаердалигини аниқлашга қаратилган жуда махфий операция ўтказилмоқда. Бу ҳақда Британиянинг “The Times” газетаси хабар берди.

Нашр маълумотларига кўра, МРБ ва Исроил “Моссад”и отасининг вафотидан сўнг бу лавозимни эгаллаган диний арбобни қидириш бўйича бир қанча вақтдан бери ҳамкорликда иш олиб бормоқда. Кўплаб шунга ўхшаш операциялардан фарқли ўлароқ, ҳозирги миссия Хоманаийни жисмонан йўқ қилишни ўз олдига мақсад қилиб қўймаган. Разведка хизматларининг асосий вазифаси – Эроннинг янги етакчиси тирикми, у қандай жисмоний ва психологик ҳолатда, шунингдек, ташқи дунё учун жумбоқ бўлиб қолаётган унинг аниқ жойлашув манзилини аниқлаш бўйича ишончли маълумотларни олишдан иборат.

Қидирувнинг мураккаблиги шундаки, нашр манбаларига кўра, отасининг ҳалок бўлиши ва ўзи оғир жароҳат олганидан сўнг Мужтабо Хоманаий замонавий алоқа воситаларидан фойдаланишни бутунлай тўхтатган. Оятуллоҳ телефон қўнғироқларини амалга оширмайди ва компьютердан фойдаланмайди, бу эса сигналларни тутиб олиш ва рақамли изларни кузатишга асосланган электрон разведка усулларини бефойда қилади. Шу муносабат билан МРБ ва “Моссад” фақат Эрон ичидаги агентлик тармоғига, Эрон раҳбариятининг ичига суқилиб киришга ва Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси аъзолари орасидаги хабарчилар билан ишлашга таянишга мажбур бўлмоқда.

“The Times” талқинига кўра, Хоманаийнинг изига тушишнинг ягона эҳтимолий йўли – унга ёзма хабарларни етказиб беради деб тахмин қилинаётган курьерлар орқали алоқа каналларини кузатишдир. Айнан шундай воситачилар орқали раҳбар Эрон ҳокимият иерархиясидаги асосий шахслар билан алоқада бўлиб туриши мумкин. Америка разведкаси “Ал-Қоида” террорчилик ташкилоти етакчиси Усома бин Лодинни ташқи дунё билан боғлаб турган курьерларни кўп йиллик кузатиш орқали унинг қаердалигини аниқлашга муваффақ бўлган. Мутахассисларнинг таъкидлашича, ҳозирги вазият янада мураккаброқ бўлиши мумкин, чунки Эрон хавфсизлик хизматлари, эҳтимол, ўтмишдаги тажрибани ҳисобга олган ҳолда кутилмаган чораларни кўрган.

“Моссад” бўлинмаларидан бирининг собиқ раҳбари Рами Игра газетага берган изоҳида Хоманаийнинг қаердалиги ҳақида ишончли маълумотга эга бўлган шахслар доираси жуда чекланганини айтган. Унинг баҳолашича, Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг фақат икки-уч нафар юқори мартабали аъзосигина Олий раҳбарнинг қаерда яширинганини билиши мумкин. “Моссад”да бундай шахслар билан алоқа ўрнатиш ёки уларни ўз томонига оғдириб олиш ғоятда мураккаб.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мужтабо Хоманаий АҚШ Эрон ва Америка Президентлари ўртасида имзоланган англашув меморандумини бир неча бор бузганини танқид қилиб, бу ҳолат АҚШ Президенти Дональд Трампнинг имзоси “бутунлай қадрсиз ва ишончсиз” эканини кўрсатганини билдирганди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends