Испаниядаги музейдан 10 кг хазина ўғирлаб кетилди
World
−
20:50 588 2 minutes
Бугун, 27 август эрталаб номаълум шахслар Испаниянинг Вильена шаҳридаги MUVI музейини тўнаб кетди. Улар ёши 3000 йилдан ортиқ деб баҳоланувчи бронза даврига оид олтин тақинчоқлар – “Вильена хазиналари”ни ўғирлаган. Бу ҳақда “El Pais” хабар берди.
Қайд этилишича, ўғрилик чалғитувчи ҳаракат билан бошланган. Эрталаб соат 5:16 атрофида маҳаллий спорт марказида сигнализация ишлаб кетган. Хавфсизлик хизмати ходимлари ўша томонга кетган, тўрт дақиқадан сўнг – соат 5:20 да эса музейдаги сигнализация ҳаракатга келган. Тўрт дақиқадан сўнг полиция воқеа жойига етиб келганида, бино бўшаб қолгани, тақинчоқлар эса ўғирлаб кетилганини кўрган.
Ўғрилар аввал асосий кириш жойидан кирмоқчи бўлган, аммо якунда барча зарур ҳимоя тизимлари ва ўқ ўтмайдиган ойналар билан жиҳозланган ён ойналар орқали ичкарига ёриб кирган. Ўғриликда гумонланаётганлар ҳозирча топилмаган: кузатув камералари фақатгина иккита автомобилдаги бир гуруҳ одамларни қайд этган. Уларнинг шахси эса номаълум.
Вильена мэри Фульхенсио Сердан ўғрилар матбуот анжуманида “хазинанинг катта қисмини ўғирлаб кетганини” тасдиқлаган. Вильена хазиналарининг умумий вазни 10 килограммни ташкил этади. Улар орасида олтин ва кумуш тақинчоқлар, олтиндан ясалган косалар ва идишлар, подшоҳ ҳассасининг парчалари ва бошқа буюмлар бор. Уларнинг умумий қиймати 1,5 миллион евродан ортиқ деб баҳоланмоқда. Қора бозорда бу сумма бир неча бараварга ошиши мумкин.
Вильена каби кичик шаҳар учун (аҳолиси 35 минг киши атрофида) бу ўғрилик ҳақиқий фожиа бўлди, деб тан олмоқда маҳаллий ҳокимият органлари.
“Улар бизни барбод қилишди. Бу меросимизнинг, бойлигимизнинг бир қисми эди. Хазиналар шаҳаримиз фахри эди”, дейди Вильена мэри.
Маълумот учун, “Вильена хазиналари” тахминан милоддан аввалги 1250 йилга оид. Шу тариқа, уларнинг ёши уч минг йилдан ошади. Улар 1963 йилда тасодифан топиб олинган. Бу Пиреней ярим оролидаги бронза даврига оид энг муҳим олтин буюмлар тўпламларидан бири.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шотландия соҳиллари яқинида қарийб 400 йил аввал чўкиб кетган қироллик кемаси – “Blessing of Burntisland” қолдиқлари топилган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди. Мутахассислар кема бортида бугунги қийматда 20 миллион фунт стерлингга тенг бойлик бўлганини тахмин қилмоқда.
Live
All