Ислоҳотчига айланган “террорчилар”, гитара чалган бош вазир ва “овланаётган” кичкина Трамп – Midweek
Review
−
26 August 574 13 minutes
Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги “мушук-сичқон” ўйини янги босқичга ўтди: АҚШ Эроннинг “нафас йўллари”ни ёпишга уринаётган бир пайтда, Теҳрон жавобни сиёсатчиларнинг оила аъзоларига “ов” эълон қилиш билан қайтармоқда. Кичкина Трампнинг калласи учун $10 млн ваъда қилинди. Қизиқ, талаба йигитча дунё мувозанатини ўзгартириб юборадими?
Иккинчи томонда эса ҳақиқий мўъжизалар: кечагина “террорчи” деб аталганлар бир кунда “ислоҳотчи”га айланиб, Дамашқ Вашингтоннинг қирқ йиллик “қора рўйхати”дан бир пасда ўчиб қолди. Геосиёсий манфаатлар мос келса, АҚШнинг ўзи эълон қилган барча айбловлар ҳам ювилиб кетаркан-да? Хуллас, Сурия энди террор давлат эмас!
Украина эса ўз мустақиллигининг 35 йиллигини тинчлик тантаналари билан эмас, Киевда гитара чалиб берган Британия Бош вазири ва “ракета сирлари” билан кутиб олди. Лекин ҳарбий ҳаракатлар ва реал фронтда гитара аккордлари қанчалик ёрдам беради?
Willberries’ни севимли нишонига айлантирган Украина ва ниҳоят компаниянинг рақобатчиси бўлган Ozon омборларига ҳам дрон учирди. “Кутилмаган меҳмонлар” сабаб интернет-дўконларнинг омбори ёниб, Москва биржасида Ozon акциялари бир зумда 29 фоизга “шўнғиди”.
Бугун парда ортидаги ана шундай “дўстликлар”, шахсий адоватлар, иқтисодий қасослар ва геосиёсий карталарнинг қандай алмашаётгани ҳақида атрофлича гаплашамиз.
Санкциялар, таҳдидлар ва парда ортидаги ўйинлар
Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги “мушук-сичқон” ўйини навбатдаги кескин паллага кирди. Бир томонда – иқтисодий қамални максимал даражага етказмоқчи бўлаётган АҚШ, иккинчи томонда эса – “биз ҳар қандай санкцияга тайёрмиз” дея баланд келаётган, лекин айни пайтда шахсий таҳдидлар картасини ишга солаётган Эрон.
АҚШ Молия вазири Скотт Бессент Вашингтоннинг навбатдаги стратегиясини эълон қилди. Унинг таъкидлашича, АҚШ Молия вазирлиги ва бошқа тегишли идоралар Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпусини молиялаштирувчи барча даромад манбаларини тўлиқ тўсиб қўйишга қаратилган “Иқтисодий яккалаш” операциясини бошлади.
“Биз маблағларнинг санкцияларни четлаб ўтишига йўл қўймасликка қаратилган ёндашувга амал қиламиз. Бугун биз Эрон режимини бошқа барча имкониятлардан маҳрум қилиш учун ушбу операцияни бошлаяпмиз”, дейди Скотт Бессент.
Вазирнинг сўзларига кўра, Вашингтон бу сафар шунчаки Теҳронни эмас, унга “қанот бўлаётган” учинчи давлатларни ҳам аяб ўтирмайди. Агар бирор бир халқаро компания ёки давлат Эрон нефтини пулга айлантириш занжирида иштирок этса, дарҳол санкция нишонига айланади. Вашингтон қўяётган шарт оддий: ё глобал иқтисодиёт билан бирга бўлиш, ё Эрон билан қолиб, санкциялар остида кун кечириш.
АҚШ Молия вазирлигининг сўнгги чекловлар рўйхати аллақачон кенгайтирилди. 48 та юридик шахс, 24 нафар жисмоний шахс ва 6 та нефть танкерига чеклов қўйилди. Санкция “таёғи” Хитой, БАА, Ҳиндистон, Туркия, Франция ва Швейцария каби ўнлаб мамлакатлар субъектларига бориб тегмоқда. Бунинг устига, АҚШ яқин орада рақамли активлар, олтин, авиация ва денгиз ташувларига ҳам иккиламчи санкцияларни жорий этиши кутилмоқда.
АҚШнинг ушбу кескин ҳаракатларига жавобан Эрон иқтисодиёт вазири Саййид Али Маданизода мамлакат ҳар қандай санкциялар сценарийсига тайёр эканини даъво қилди.
“Вазирлар маҳкамасида иқтисодиётни ривожлантириш бўйича икки йиллик режа мавжуд ва унда юзага келиши мумкин бўлган барча муаммолар ҳисобга олинган. Вашингтон Эрон иқтисодиётининг асосий “томирларини” узиш орқали ўз мақсадларига эриша олмайди”, дейди Саййид Али Маданизода.
Унинг сўзларига кўра, ҳатто олдинги ҳарбий тўқнашувларда зиён кўрган металлургия заводлари ҳам қайта тикланган. Бироқ халқаро таҳлилчилар Эроннинг икки йиллик режаси қай даражада иш беришига шубҳа билан қарашмоқда. Чунки, ростдан ҳам гиперинфляция ва нефть экспортидаги чекловлар Теҳронга жиддий босим ўтказмай қолмайди.
Трамп ва Нетаняҳу оилалари нишонда
Иқтисодий ва ҳарбий фронтдаги кескинлик секин-аста шахсий адоват ва таҳдидлар даражасига кўчиб ўтмоқда. Эрон давлат ОАВлари ва унга алоқадор каналлар энди сиёсий риторикадан очиқдан-очиқ ахборот “ҳужумлари”га ўтди.
АҚШ Президенти Дональд Трампнинг 20 ёшли ўғли Баррон Трампга нисбатан тарқатилган хабарлар бунга яққол мисолдир. Эрон телеканалларида Баррон Трампнинг ҳаракатланиш маршрутлари, у таҳсил оладиган университет ва ҳатто уни қўриқлаётган Махфий хизмат позициялари ҳақида видеолар эфирга узатилиб, унинг боши учун 10 миллион доллар мукофот ваъда қилинган. Ҳатто Баррон шахсий мулоқот учун Xbox ўйин консолидан фойдаланиши каби даъволар ҳам илгари сурилган. АҚШ Махфий хизмати ушбу материалларни жиддий хавф сифатида баҳоламоқда.
Шу билан бирга, Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяҳу ҳам Эрон унинг ўғилларидан бирига суиқасд уюштиришга уринганини маълум қилди.
“Эрон ўғилларимдан бирини нишонга олди. Эрон ўғилларимдан бирини ўлдиришга уринди”, деган Нетаньяҳу “Channel 14” телеканалига берган интервьюсида.
Бироқ Нетаньяҳу айнан қайси ўғли нишонга олингани ёки ҳодиса қачон содир бўлгани ҳақида аниқ тафсилотларни келтирмади.
Ушбу жараёнларни таҳлил қилар эканмиз, ҳар икки томонда ҳам катта медиа ва сиёсий ўйин кетаётганини пайқаш қийин эмас.
Бир томондан, Эрон ОАВларининг АҚШ Президентининг 20 ёшли талаба ўғлига “ов” эълон қилиши ва буни телевидение орқали кўрсатиши – Теҳронда реал ҳарбий ва иқтисодий ричаглар тугаб бораётгани, шунинг учун психологик босим ўтказишга уринаётганидан далолат беради.
Иккинчи томондан, Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяҳунинг ушбу баёнотлари мамлакатда ўтказилиши кутилаётган умумий сайловлар олдидан янграмоқда. Унинг коалицияси сўровномаларда ортда қолаётган бир пайтда, “ташқи душман” ва “оилага таҳдид” картасини ўйнаш – сайловчилар эътиборини ички муаммолардан ташқи хавфга буришнинг классик усулидир.
Вашингтон эса Эронни молиявий кислороддан маҳрум қилиш баробарида, бутун дунёга “Эрон билан савдо қилсангиз, АҚШ тизимидан ҳайдаласиз” деган ультиматум қўймоқда.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Яқин Шарқдаги бу “катталар ўйини”да иқтисодий санкциялар тез орада ўз сўзини айтади, у қандай кўринишда бўлишини таҳмин қилиш қийин эмас. Лекин унинг атрофидаги ахборот ва таҳдидлар уруши ҳали узоқ давом этадиганга ўхшайди.
Сурия энди террор давлат эмас!
Яқин Шарқ харитасидаги геосиёсий ўйинлар навбатдаги кескин бурилишни ясади. Қарийб ярим аср давомида Вашингтоннинг “қора рўйхати”да бўлган Дамашқ, ниҳоят, расман “оқланди”. АҚШ Сурияни терроризмни қўллаб-қувватловчи давлатлар рўйхатидан чиқарди. Конгрессдаги 45 кунлик мажбурий кўриб чиқиш жараёни ўз ниҳоясига етгач, қарор расман кучга кирди. АҚШ Президенти Дональд Трамп ушбу ниятини жорий йилнинг 8 июлидаёқ Конгрессга маълум қилган эди. АҚШ Давлат котиби Марко Рубио ушбу қадамнинг сабабларини изоҳлар экан, қарор тасодифан қабул қилинмаганига шама қилди.
“Ушбу қарор Сурия Президенти Аҳмад аш-Шараа ҳукумати халқаро терроризмдан узоқлашиш бўйича амалга оширган амалий чоралари ва зиммага олган мажбуриятларини инобатга олган ҳолда қабул қилинди”, дейди Марко Рубио.
Вашингтоннинг ушбу “марҳамати”дан сўнг Дамашқ ҳам дарҳол баёнот бериб, ўзининг иқтисодий режалари ҳақида гапира бошлади. Сурия Ташқи ишлар вазири Асад аш-Шайбоний қарорнинг аҳамиятини алоҳида эътироф этди.
“Бу қарор мамлакатимизнинг жаҳон молиявий ва иқтисодий тизимига қайта интеграциялашувига ҳамда халқаро инвестициялар оқимини кескин оширишга хизмат қилади. Эндиликда Сурияда бизнес юритиш ва иқтисодиётни тиклаш йўлидаги энг катта тўсиқ бартараф этилди”, дея таъкидлайди Асад аш-Шайбоний.
Сурия узоқ 1979 йилдан буён АҚШнинг терроризм ҳомийлари рўйхатида ушлаб турилган эди. Ўшанда Вашингтон собиқ президент Ҳофиз Асад режимини турли қуролли гуруҳларга ҳомийлик қилишда айблаган. Бу мақом унинг ўғли Башар Асаднинг кўп йиллик бошқаруви даврида ҳам ўзгармай қолди. Бироқ 2024 йилнинг декабрь ойида воқеалар ривожи кескин тус олиб, Аҳмад аш-Шараа бошчилигидаги исёнчи кучлар Башар Асад режимини ағдариб, ҳокимиятни ўз қўлига олди. Шундан сўнг, Вашингтон ва Дамашқ ўртасидаги музликлар эрийдиган бўлди.
Ҳозирда АҚШнинг ушбу машъум “қора рўйхати”да 3 та мамлакат – Куба, Эрон ва Шимолий Корея қолди. Мазкур рўйхатда бўлиш АҚШ томонидан ташқи ёрдам берилишини тақиқлайди, мудофаа маҳсулотлари экспортини чеклайди ва глобал молиявий операцияларни деярли шол ҳолатига келтириб қўяди.
Сиёсий таҳлил ва кузатув нуқтаи назаридан жараёнга бироз теранроқ ва танқидий назар ташласак, Вашингтоннинг стандартларидаги мослашувчанлик кишини ҳайратда қолдиради. Кечагина АҚШ томонидан “террорчи” ва “исёнчи” деб аталган кучлар ҳокимиятга келиб, Вашингтон билан тил топишган заҳоти “халқаро терроризмдан узоқлашган ислоҳотчилар”га ўзгариб қолди.
Ўн йиллар давомида оддий Сурия халқининг елкасига оғир ботган иқтисодий санкциялар, демак режим ўзгариши ва геосиёсий манфаатлар мос келиши билан бир кунда барҳам топиши мумкин экан. Дамашқнинг АҚШ банкинг тизимига шошилинч равишда боғланишга уринаётгани эса “янги Сурия” ўзининг иқтисодий ва ресурс имкониятларини кимларнинг назорати остига топшираётганидан далолат беради. Хулосани ўзингизга қолдирмай, дангалини айтаман. Суриянинг бу рўйхатдан чиқарилиши шунчаки иқтисодий ёрдам эмас, балки Евроосиё геополитикасида Эрон ва Россия таъсирини узил-кесил кесишга қаратилган катта ўйиннинг мантиқий давомидир.
“Таслим бўлмаймиз”
Украина 24 август куни ўз мустақиллигининг 35 йиллигини тинчлик тантаналари билан эмас, балки қизғин дипломатия ва навбатдаги ҳарбий музокаралар шароитида кутиб олди.
Киев марказида намойиш этилган замонавий ҳаво ва денгиз дронлари, оғир пулемётлар билан қуролланган учувчисиз қуруқлик тизимлари мамлакатнинг 2014 йилдан бери давом этаётган Қрим аннексияси ва Донбассдаги можаролар билан бошланиб, 2022 йилдан кенг кўламли босқинга айланган, қарийб 14 йиллик ҳарбий зиддиятлар сабабли қай даражада ҳарбий-техник салоҳиятга таянишга мажбур бўлганини кўрсатди.
Украина Президенти Владимир Зеленский Мустақиллик куни муносабати билан сўзлаган нутқида мамлакатнинг асосий позициясини эълон қилди: “Киев тинчликни истайди, аммо ҳар қандай шарт эвазига ёки ҳудудларни топшириш эвазига Москвага таслим бўлмайди”. Унинг таъкидлашича, шарқий ҳудудларни бериш ҳам Россия тажовузини тўхтатиб қолмайди.
“Украина урушни тўхтатиш ва энергетика инфратузилмасини сақлаб қолиш учун зарур бўлган барча мудофаа ёрдамини сўрамоқда, бироқ биз иттифоқчиларимиздан биз учун жанг қилишни талаб қилмаяпмиз”, дейди Владимир Зеленский.
Президент, шунингдек, мудофаадаги 27 миллиард долларлик тақчилликни қоплаш учун Россиянинг музлатилган халқаро активларидан фойдаланишни таклиф қилди. Шунингдек, қишки мавсум олдидан мамлакат ҳаво мудофааси учун камида 300 та тутиб қолувчи ракета зарурлигини билдирди.
24 августдаги байрам тадбирларининг энг диққатга сазовор қисми – Буюк Британиянинг янги Бош вазири Энди Бернэм ҳамда Европа кенгаши президенти Антониу Коштанинг Киевга ташрифи бўлди. Бош вазир лавозимига киришганидан кейин илк хорижий сафари сифатида Киевни танлаган Бернэм, Буюк Британиянинг Украинани қўллаб-қувватлашдаги қатъийлигини намоён этди.
Ташрифнинг амалий натижаси ўлароқ, Буюк Британия Украинага узоқ масофали қанотли ракеталарини Украина ҳудудида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун британча махфий компонентлар технологиясини деклассификация қилишга рухсат берди. Бу – энди Украинада Россия ичкарисидаги нишонларга зарба бера оладиган қуролларни ўзида йиғиш имкони бор дегани.
Сиёсий риторикадан ташқари, Бернэмнинг Киевдаги ҳаракатлари ҳам ОАВ эътиборини тортди: у Россия зарбасидан вайрон бўлган савдо марказини кўздан кечирди ва украиналик ҳарбий билан бирга британиялик машҳур “The Smiths” рок гуруҳининг қўшиғини гитарада ижро этиб, аскарлар руҳини кўтаришга уринди.
Айнан 24 август куни ўтказилган Кўнгиллилар коалицияси йиғилишида Франция Президенти Эммануэль Макрон видеоконференция орқали қатнашиб, Киевга Patriot ҳаво мудофааси тизимларини зудлик билан етказиб бериш лозимлигини таъкидлади. Шу билан бирга, БМТ платформасида 50 дан ортиқ давлат Россияни тўлиқ ва ҳеч қандай шартсиз сулҳга чақирувчи қўшма баёнот берди. Дунё ҳамжамияти эътибор қаратган яна бир рамзий қадам – Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам 24 август куни ўзининг расмий X саҳифасида Украинани Мустақиллик куни билан табриклагани бўлди. Биз ҳам бу ҳаракатни олқишлаймиз.
Ғарб иттифоқчиларининг Киевдаги байрамда пайдо бўлиши ва жўшқин нутқлар сўзлаши – кучли геосиёсий сигнал. Бироқ жараёнга профессионал таҳлилчи кўзи билан қаралса, бир нечта ўйлашга арзийдиган жиҳатлар кўзга ташланади:
Бир қарашда ажойиб саҳна: Кимсан Буюк Британия Бош вазири Киевда гитара чалиб қўшиқ ижро этди. Бу ҳарбий руҳ учун яхшидир, лекин Украина Қуролли Кучларига бугун гитара аккордлари эмас, балки аниқ ва етарли миқдордаги ҳаво мудофааси ракеталари зарур.
Кейинги эътиборимни тортган жиҳат шундаки, Британиянинг ракеталар сирларини очгани муҳим қадам, аммо бундай мураккаб ракеталарни доимий бомбардимон остида турган Украина ҳудудида оммавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун неча йиллар ва қанча миллиардлаб долларлар керак бўлар экан?
“Қора якшанба”
Урушнинг иқтисодий фронтдаги акс-садоси бу сафар Россиянинг энг йирик маркетплейсларидан бири – Ozon логистика империясига келиб урилди. 24 августга ўтар кечаси Украина дронлари Россиянинг 3 та турли ҳудудидаги Ozon омборларига бир вақтнинг ўзида оммавий ҳужум уюштирди. Зарбалар географияси анча кенг: Доғистоннинг Маҳачқалъа, Адигеянинг Адигейск ва Ставрополь ўлкасидаги Невинномисск шаҳарларидаги улкан логистика марказлари нишонга олинди. Бу стратегик зарбалар нафақат маркетплейснинг омборларини, балки душанба куни Москва биржасидаги акциялар нархини ҳам том маънода “портлатди”.
Маҳаллий манбалар тақдим этган фактларга кўра, энг оғир зарба Маҳачқалъадаги логистика марказига тўғри келган.
“Ozon матбуот хизматининг маълум қилишича, Маҳачқалъадаги логистика марказига дрон тахминан соат 05:00 да ҳужум қилган. Барча тизимлар одатдагидек ишлади, ходимлар тезкор равишда эвакуация қилинди. Бир неча жабрланган кишига шифокорлар ёрдам кўрсатди, уларнинг ҳаётига хавф йўқ”, дейилади компания ахборотида.
Бироқ бинода чиққан кучли ёнғин сабабли Маҳачқалъадаги омбор фаолияти тўлиқ тўхтатилди. Ozon ушбу объектдан етказиб берилиши керак бўлган маҳсулотларни витринадан яширишга, бошқа объектлардан етказиб бериш имкони бўлмаган буюртмаларни эса бекор қилишга мажбур бўлди.
Адигейскда ҳам аҳвол ҳавас қилгудек эмас. Адигея раҳбари Мурод Кумпилов Тахтамукай туманидаги Ozon омборида ҳужум оқибатида ёнғин чиққани ва уни ўчиришга Фавқулодда вазиятлар вазирлиги кучлари жалб қилинганини тасдиқлади.
Ставрополь ўлкаси губернатори Владимир Владимиров эса Невинномисск саноат зонасига қилинган ҳужум ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари томонидан қайтарилганини билдирган бўлса-да, бу ерда ҳам, Адигейскда ҳам хавфсизлик нуқтаи назаридан омборлар фаолияти вақтинча музлатиб қўйилди.
Афсуски, ҳужумлар тўлқини тинч аҳоли ва болалар хавфсизлигига ҳам дахл қилди. Краснодар ўлкаси губернатори Вениамин Кондратьевнинг маълум қилишича, Краснодарда хусусий болалар марказига дрон қолдиқлари тушиши оқибатида 2 нафар бола ҳалок бўлган, 7 нафар бола ва 2 нафар катта ёшли киши жароҳатланган.
Дронлар хабаридан сўнг Москва биржаси душанба кунги савдоларни ҳақиқий шок ҳолатида бошлади. Ozon акциялари нархи атиги 10 дақиқа ичида аввалги кунги ёпилиш нархи – 2 968 рублдан 29,09 фоизга арзонлашиб, 2 112,5 рублгача тушиб кетди.
Биржадаги ваҳиманинг олдини олиш ва бозордаги нархни сунъий ушлаб туриш учун Москва биржаси зудлик билан дискрет аукцион (савдоларни вақтинча тўхтатиб, буюртмаларни махсус йиғиш механизми) режимини ишга туширишга мажбур бўлди. Аукцион Москва вақти билан 10:22 дан 10:52 гача давом этди ва шундан сўнггина савдолар секин-аста одатий тартибга қайтди.
Россия расмийлари мамлакат ичкарисида инфратузилма тўлиқ ҳимояланганини таъкидлашдан чарчамаяпти. Бироқ Россия ҳудудининг ичкарисидаги ва Кавказ бўйидаги логистика занжирларининг узилиши Россия электрон тижорати ва етказиб бериш тизими нақадар заиф ҳолга келганини кўрсатиб қўйди.
Россия электрон тижорати ва чакана савдо гигантлари энди нафақат инфляция ва санкциялар билан, балки тўғридан-тўғри осмондан тушаётган молиявий зарарлар билан ҳам ҳисоблашишга мажбур. Инвесторларга эса ҳозирча фақат “кутиш ва кузатиш” позициясини эгаллаш тавсия этилмоқда.