Индонезияда 243 киши бўлган кема бўрон вақтида бедарак йўқолди
World
−
14:07 220 1 minute
Индонезияда бортида 243 киши бўлган “Virgo Transport 8” кемаси бўрон вақтида алоқага чиқмай қўйди. Бу ҳақда бугун, 13 сентябрь куни Индонезия Миллий қидирув-қутқарув агентлиги (Basarnas) хабар берди.
Маълум қилинишича, об-ҳаво шароити ёмонлашганидан сўнг кема экипажи тахминан маҳаллий вақт билан соат 02:00 да алоқага чиқмай қўйган. Кемадан олинган сўнгги сигнал Банджармасин шаҳридаги Basirih қутқарув пристанидан тахминан 80 денгиз мили узоқликдаги ҳудуддан келган.
“Кеманинг сўнгги қайд этилган жойлашуви Банджармасиндаги SAR Basirih пристанидан тахминан 80 денгиз мили узоқликда эди”, деган қидирув-қутқарув операцияси координатори И Путу Судаяна журналистларга.
Қидирув-қутқарув ишларига Индонезия Ҳарбий-денгиз кучлари, сув полицияси ҳамда махсус “KN SAR Laksmana 241” кемаси жалб қилинган.
Билдирилишича, қутқарувчилар қидирув жараёнида замонавий ускуналардан, жумладан, Starlink сунъий йўлдош терминалидан фойдаланмоқда. Бортдаги одамлар сони кўплиги сабабли операция кучайтирилган тартибда олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Индонезиянинг Шарқий Ява провинциясидаги Сурабая шаҳридан Жанубий Сулавесидаги Макасарга йўл олган, бортида 271 киши бўлган йўловчи пароми ёниб кетганди.
Live
All