Имтиҳондан йиқилган абитуриентларга “иккинчи имконият” берилади

Local

image

Олий таълим муассасаларига кира олмаган абитуриентлар учун вакант ўринларга қайта танлов ўтказилади. Унда абитуриентларга камида бештагача таълим йўналишини танлаш имконияти берилади. Бу ҳақда Олий таълим ташкилотлари департаменти бошлиғи Абдусамат Маманазаров кеча, 18 август куни журналистларга берган интервьюсида маълум қилди.

Билдирилишича, қайта танловда тегишли фанлардан имтиҳон топширган ва юқори балл тўплаган, бироқ талабаликка тавсия этилмаган абитуриентлар иштирок этиши мумкин. Танлов олий таълим ташкилотларининг қабул квоталари доирасида қолган бўш ўринлар учун ўтказилади. Қайта танловни ўтказиш келаси ҳафтага режалаштирилган.

Олий таълим ташкилотлари департаменти бошлиғи Абдусамат Маманазаровнинг айтишича, абитуриентларга камида бешта йўналишни қайта танлаш имконияти яратилади.

“Бизда содда қилиб айтганда “олтинчи йўналиш” деган тушунча бор. Лекин у ерда ҳам биз камида бештагача йўналиш танлаш имкониятини яратамиз. Кейинги ҳафтага режалаштирилган”, дейди Абдусамат Маманазаров.

Шунингдек, ўқишга кира олмаган абитуриентлар учун суперконтракт асосида талаба бўлиш имконияти ҳам мавжуд.

Ўтган йилдан бошлаб олий таълим муассасаларига мустақил равишда супер-контракт миқдорини белгилаш ваколати берилган. Кириш баллига 1 баллдан 4 баллгача етмаган абитуриентлар учун супер-контракт миқдори етмаган баллга қараб белгиланади.

Хусусан:

  • 1 балл етмаган бўлса – контрактнинг 1,5 баравари;
  • 2 балл етмаган бўлса – 2 баравари;
  • 3 балл етмаган бўлса – 2,5 баравари;
  • 4 балл етмаган бўлса – 3 баравари миқдорида тўлов амалга оширилади.

56,7 баллдан юқори балл тўплаган, бироқ кириш чизиғидан 4 баллгача кам қолган абитуриентлар учун эса супер-контракт миқдорини олий таълим муассасаларининг ўзи белгилайди. Белгиланган суперконтрактни тўлаган абитуриент талабаликка тавсия этилиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ жорий йилги қабул жараёнларида олий таълим муассасаларига ҳужжат топширган абитуриентларнинг 37,5 фоизи тест синовларида белгиланган энг кам баллни тўплай олмагани ҳақида хабар берилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends