Головкин Украинанинг қора рўйхатига киритилди

Sport

image

Қозоғистонлик собиқ боксчи ва Жаҳон бокс федерацияси президенти Геннадий Головкин Украинанинг “Миротворец” сайти маълумотлар базасига киритилди. Бу ҳақда сайт маълумотларида кўриш мумкин.

Головкиннинг шахсий маълумотлари жорий йилнинг 15 август куни сайт базасига қўшилган. “Миротворец” уни Россияни қўллаб-қувватлашда айблаган.

Бунга Жаҳон бокс федерацияси томонидан россиялик спортчиларга нисбатан жорий этилган айрим чекловларни бекор қилиш ҳамда россиялик боксчиларга халқаро мусобақаларда миллий рамзлари остида иштирок этишга рухсат берилгани сабаб бўлган.

Маълумот учун, 2024 йил февраль ойида Геннадий Головкин Қозоғистон Миллий Олимпия қўмитаси президенти, 2025 йил 23 ноябрда эса у нидерландиялик Борис ван дер Ворстнинг ўрнига Жаҳон бокс федерацияси президенти этиб сайланганди.

Жаҳон бокс федерацияси 2023 йилда 80 дан ортиқ миллий федерацияни ўз ичига олган Халқаро бокс ассоциациясига (IBA) муқобил ташкилот сифатида тузилган.

Украинанинг “Миротворец” сайти мунозарали фаолияти билан танилган. Сайтда журналистлар, Донецк ва Луганск халқ республикалари вакиллари ҳамда бошқа шахсларнинг шахсий маълумотлари эълон қилинган.

Шунингдек, сайт аввал ҳам вояга етмаганларнинг шахсий маълумотларини очиқлагани учун танқид қилинган. Маълумотлар базасида Россия маданият арбоблари ва турли мамлакатлар фуқаролари ҳақидаги маълумотлар ҳам мавжуд.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends