Германияда қабристонлардаги қаҳвахоналар оммалашмоқда
Interesting
−
19:04 1260 2 minutes
Берлин, Гамбург, Шимолий Рейн-Вестфалия, Бавария каби Германиянинг кўплаб ҳудудларида бугунги кунда очиқ ҳаводаги қабристон қаҳвахоналари фаолият юритмоқда ва улар оммалашмоқда. Бу ҳақда “Deutsche Welle” хабар берди.
Қайд этилишича, Бавариянинг Фюрт шаҳар қабристонидаги қаҳвахона олти йилдан бери ишлаб келмоқда. Лойиҳа ташкилотчиси Леандер Вирт қайта жиҳозланган юк велосипедидан ташриф буюрувчиларга қаҳва ва пироглар тарқатади. Меҳмондорчилик учун фақат рамзий хайрия сўралади.

“Биз учрашувлар учун имкониятлар яратишни хоҳлаймиз. Қабристон эса бунинг учун биринчи қарашда туюлиши мумкин бўлганидан кўра яхшироқ мос келади. Бу ерда вақт секинроқ оқади. Баъзилар яқинларининг қабрларини парвариш қилаётган бир пайтда, бошқалар хиёбонлар бўйлаб сайр қилишади, болалар эса кузги баргларни йиғишади. Яқинларини йўқотишни бошдан кечираётган, ёлғизликни ҳис қилаётган кўплаб ташриф буюрувчилар учун бундай учрашувлар жуда муҳим”, дейди Вирт.
Социологларнинг билдиришича, бундай қаҳвахоналар оммавийлигининг ортиши жамиятда қабристонларнинг қабул қилиниши ўзгараётгани билан ҳам боғлиқ. Агар илгари улар фақат мотам жойлари сифатида қаралган бўлса, бугунги кунда тобора кўпроқ жамоат жойларига: яшил ҳордиқ чиқариш ҳудудларига, экологик ва маданий ташаббуслар майдончаларига ҳамда учрашув масканларига айланиб бормоқда.

Одатда очиқ ҳаводаги қаҳвахоналар фақат йилнинг иссиқ фаслида ишлайди. Бироқ ушбу мавсумда уларнинг баъзилари илк бор совуқ тушиши билан ёпилмасликка қарор қилган. Ташкилотчиларнинг ишонишича, қисқа кузги ва қишги кунларда одамлар учун мулоқот қиладиган жойга эга бўлиш айниқса муҳим.
Live
All