Генераллар Путинни СИ-видеолар билан алдаяпти – FT

World

−

image

Россия армияси қўмондонлиги мамлакат Президенти Владимир Путинга Украинадаги реалликда мавжуд бўлмаган ғалабалар ҳақида сунъий интеллект ёрдамида яратилган сохта роликларни бераётган бўлиши мумкин. Бу ҳақда Россия Президентига яқин манбаларга таяниб, “Financial Times” хабар берди.

FT суҳбатдошларининг сўзларига кўра, Путиннинг жанг майдонида ғалабага эришиш борасидаги қатъияти генералларни ўз зафарлари кўламини бўртиртириб кўрсатишга ундамоқда. 

“Кимдир бирор аҳоли пунктини эгаллагани ҳақида ҳисобот берса, бу билан полковник олдида мақтанади, у – генерал олдида, генерал – генерал-лейтенант олдида, у эса Бош штабга ва Бош штаб – бош қўмондонга етказади. Уларнинг барчаси ҳисобот беришга улгургунича, бизникилар аллақачон чекинган бўлишади”, дейди газета суҳбатдошларидан бири.

Унинг сўзларига кўра, шундан сўнг олдинги позициялар эгаллангани ҳақидаги ёлғон докладларга асосланиб, кейинги позицияларга ҳужум қилиш тўғрисида буйруқлар келади, ваҳоланки, аслида у ерда Россия қўшинлари бўлмайди. 

“Шу сабабли иккала томон ҳам жуда катта йўқотишларга учрамоқда. Мана шунинг учун Сталин бундай қилмиш учун отиб ташлаган”, дея қўшимча қилган манба.

Нашрнинг ёзишича, Украинадаги муайян аҳоли пунктлари эгаллангани ҳақидаги сохта СИ-видеолар сони аллақачон ўнлаб кўрсаткични ташкил этмоқда ва агар илгари улар Z-блогларда пайдо бўлган бўлса, эндиликда расмий ахборотларнинг бир қисмига айланган. Хусусан, октябрь ойи ўрталарида Россия Мудофаа вазирлиги Донецк вилоятидаги муҳим шаҳар бўлган Добропольедаги шикастланган бино ойнасидан Россия байроғини ҳилпиратаётган аскар акс этган кадрларни эълон қилди. У

“Ушбу кадрлар, шубҳасиз, монтаж қилинган, чунки “видеодаги байроқ ўз позициясини кескин ўзгартиради” ва буни файлнинг сиқилиши ёки камера “шовқини” билан изоҳлаб бўлмайди”, дейди FT нашрига “Conflict Intelligence Team” раҳбари Руслан Левиев.

ISW таҳлилчилари июнь ойидан август ойигача бўлган даврда СИ ёрдамида сохталаштирилган бўлиши мумкин бўлган камида 35 та видеони ҳисоблаган. Улардан 10 таси юқори даражадаги ишончлилик билан сохта деб аниқланган. Бундай видеоларда камида 10 та полк ва бригада жангчилари акс эттирилган. СИни аниқлаш учун мавжуд дастурларнинг имкониятлари чеклангани ҳисобга олинса, сохта ёзувларнинг умумий сони, эҳтимол, бундан ҳам юқорироқ.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ жорий йилнинг октябрь ойи Украинадаги Россия армияси учун ҳалок бўлган ва ярадор ҳарбийлар сони бўйича янги рекорд билан якунлангани, хусусан, Россия қўшинлари умумий ҳисобда 54 мингга яқин одамини йўқотгани ҳақида хабар берилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends