Ғайриоддий мусобақа: Венгрияда 38 киши қабр қазишда куч синашди (видео)
World
−
10:27 511 2 minutes
Венгрияда қабр қазиш бўйича ўзига хос мусобақа ўтказилди. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.
Қайд этилишича, мусобақа жорий йилнинг 5 сентябрь куни Венгрия шимолидаги Ньергешуйфалу шаҳридаги жамоат қабристонида бўлиб ўтган. Унда 38 нафар иштирокчи – 19 та икки кишилик жамоа қатнашган. Жамоалар қабристонларни сақлаш ва дафн хизматлари соҳасида ишловчи мутахассислардан ташкил топган.
Мусобақанинг асосий мақсади қабр қазиш касбининг мураккаблиги ва профессионал жиҳатларини намойиш этиш, шунингдек, ўлим мавзуси атрофидаги табуларни юмшатишдан иборат бўлган.
Мусобақа иштирокчилари қабрларни белгиланган талаблар асосида қўл меҳнати билан қазиган. Хусусан, қабрнинг чуқурлиги 1,6 метр, узунлиги 2 метр, эни эса 0,8 метр бўлиши керак бўлган. Иштирокчилар фақат белкурак, кетмон ва киркадан фойдаланган.
Мусобақада асосан тезлик ва ишнинг сифати баҳоланган. Қуруқ ва қаттиқлашиб қолган тупроқ иштирокчилар учун қўшимча қийинчилик туғдирган.
Ғолиблар Роберт Надь ва Ласло Киш 1 соат 21 дақиқада белгиланган ўлчамдаги қабрни қазиб битирган.
“Асосийси – тезлик, чирой эмас. Дафн маросими учун қабр қазилганда унинг аниқ ўлчамларга мос бўлиши ва сифатли тайёрланишига эътибор бериш керак”, деган ғолиб Роберт Надь.
Ғолиблар 200 минг венгр форинти (тахминан 640 АҚШ доллари) миқдоридаги пул мукофотини бўлиб олган.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йилнинг сентябрь ойида Венгрияда қабр қазиш бўйича 8-халқаро чемпионат бўлиб ўтгани ҳақида хабар берилган эди.