Франция Зидан қўл остидаги илк ўйинда ғалаба қозонди
Sport
−
09:59 482 2 minutes
Кеча, 25 сентябрь куни Франция терма жамоаси 2026-2027 йилги Миллатлар лигасининг биринчи тури доирасида Туркия устидан сафар қилди. Зинедин Зиданнинг бош мураббийлигидаги илк ўйин французларнинг кичик 1:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.
Учрашувдаги ягона голни Килиан Мбаппе 54-дақиқада киритди. Голдан сўнг ҳужумчи тиззасидаги муаммо сабаб майдонни тарк этди. 87-дақиқада эса Туркия терма жамоаси дарвозабони Уғуржан Чакир қизил карточка олди.
Мазкур баҳс Зинедин Зидан учун Франция терма жамоаси бош мураббийи сифатидаги илк учрашув бўлди. У жорий йилнинг июль ойида жамоани 14 йил давомида бошқарган Дидье Дешам ўрнини эгаллаганди.
Зидан бунга қадар “Реал Мадрид”ни 2016-2018 ҳамда 2019-2021 йилларда бошқарган. Унинг қўл остида мадридликлар уч марта Чемпионлар лигасида, икки марта Испания чемпионатида ва икки марта Испания Суперкубогида ғолиб чиққан.
Футболчилик фаолияти давомида Зидан “Канн”, “Бордо”, “Ювентус” ва “Реал Мадрид” клубларида тўп сурган. У Франция терма жамоаси билан 1998 йилги Жаҳон чемпионатида ғолиб чиққан, 2006 йилги мундиалда кумуш медаль соҳиби бўлган. Шунингдек, 2000 йилги Европа чемпионатида ҳам чемпионликни қўлга киритган.
Маълумот учун, Франция ва Туркия терма жамоалари А лигасининг 1-гуруҳида Италия ҳамда Бельгия билан бирга иштирок этмоқда. Кейинги турда Франция сафарда Бельгияга қарши ўйнаса, Туркия ўз майдонида Италияни қабул қилади. Учрашувлар жорий йилнинг 28 сентябрь куни ўтказилади.
Live
All