Франция Алишер Усмоновни ЕИ санкциялар рўйхатидан чиқаришни сўради
World
−
09:28 785 3 minutes
Франция Словакия билан бирга россиялик миллиардер Алишер Усмоновни Европа Иттифоқининг санкциялар рўйхатидан чиқаришни таклиф қилди ва бу қарор бошқа аъзо давлатларнинг кескин норозилигига сабаб бўлди. Бу ҳақда “Euronews” хабар берди.
Қайд этилишича, Словакия узоқ вақтдан бери Алишер Усмонов ва яна бир россиялик миллиардер Михаил Фридман номини Европа Иттифоқининг Россиянинг Украинага қарши уруши ҳамда ҳарбий-саноат мажмуаси билан боғлиқ шахсларга нисбатан жорий этилган санкциялар рўйхатидан чиқаришни талаб қилиб келмоқда.
Эндиликда Братиславага Франция ҳам қўшилган. Париж 2022 йилда Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб киришидан сўнг Европа Иттифоқи санкцияларига тушган Усмоновни рўйхатдан чиқаришни ёқлаган.
Ўзбекистонда туғилган Алишер Усмонов Россия фуқаролигига эга миллиардер бўлиб, бойлигини металлургия, кончилик, телекоммуникация ва технологиялар соҳаларидаги инвестициялар орқали орттирган. У Россия Президенти Владимир Путинга яқин бизнесменлардан бири сифатида қаралади.
Дипломатларнинг сўзларига кўра, Франциянинг бу позицияси Европа Иттифоқининг бошқа давлатларида “кучли норозилик” уйғотган. Айрим дипломатлар Франциянинг қарорида иқтисодий манфаатлар муҳим роль ўйнаётган бўлиши мумкинлигини билдирган.
Айни пайтда Европа Иттифоқининг санкциялар режими Россиянинг ҳарбий-саноат мажмуаси ва унинг Украинага қарши урушдаги ҳиссаси билан боғлиқ 3 мингдан ортиқ жисмоний ва юридик шахсни қамраб олади.
Мазкур санкцияларни жорий йилнинг 15 сентябрь куни узайтириш режалаштирилган. Ҳозирда аъзо давлатлар санкцияларни яна 6 ойга эмас, 12 ойга узайтириш масаласини ҳам муҳокама қилмоқда.
Словакия Европа Иттифоқи элчилари йиғилишларида Усмонов ва Фридманнинг санкциялар рўйхатидан чиқарилишини, шунингдек, санкциялар амал қилиш муддатини 6 ой сақлаб қолишни талаб қилган.
Европа Иттифоқи санкцияларини узайтириш учун барча аъзо давлатларнинг бир овоздан розилиги талаб этилади. Шу сабабли Словакиянинг талаблари келишув жараёнини мураккаблаштирган. Франциянинг Усмоновни чиқаришни қўллаб-қувватлаши эса музокараларни янада қийинлаштириши мумкин.
Маълум қилинишича, Париж Усмоновни санкциялар рўйхатидан чиқаришни сиёсий муроса сифатида илгари сурган. Франция шу орқали Словакиянинг иккала талабини ҳам бу сафар блокламаслигига умид қилмоқда.
Европа Иттифоқи элчилари санкцияларни узайтириш масаласини яқин кунларда яна муҳокама қилади. Томонлар 15 сентябргача сиёсий келишувга эришиши керак.
Франциянинг Европа Иттифоқидаги доимий вакили Париж санкцияларни узайтириш тарафдори эканини билдирган, бироқ музокаралар махфийлиги сабабли муҳокамаларнинг бориши юзасидан изоҳ беришдан бош тортган.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил февралида Венгрия ҳам Алишер Усмонов ва унинг синглиси Гулбаҳор Исмоиловани ўз ичига олган саккиз нафар россияликни Европа Иттифоқи санкциялар рўйхатидан чиқаришни талаб қилган эди. Будапешт ўз талаблари бажарилмаса, Россияга қарши санкцияларни узайтиришга вето қўйиш билан таҳдид қилган эди. x
Live
AllToshkentda vertikal “parkovka”lar o'rnatilmoqda
11 September