Филиппинда муссон ёмғирлари сабаб 12 киши ҳалок бўлди (видео)
World
−
10 August 629 2 minutes
Филиппинда давом этаётган кучли муссон ёмғирлари оқибатида юзага келган сув тошқинлари ва кўчкилар оқибатида камида 12 киши ҳалок бўлди, яна 8 киши бедарак йўқолди. Бу ҳақда бугун, 10 август куни “The Star” хабар берди.
Қайд этилишича, мамлакатнинг 33 та провинциясида ярим миллиондан ортиқ аҳоли жануби-ғарбий муссон таъсирида қолган. Муссон ёмғирлари икки тропик циклон таъсирида янада кучайган.
Маълумотларга кўра, табиий офатлар оқибатида юзлаб уйлар ва инфратузилма объектларига зарар етган. Хусусан, Лусон оролида жойлашган тоғли Багио шаҳрида кўчки бир нечта уйни кўмиб кетиши оқибатида 4 киши ҳалок бўлган, 6 киши бедарак йўқолган.
Билдирилишича, ҳозирда ҳудудда қидирув-қутқарув ишларига қарийб 150 нафар қутқарувчи жалб қилинган бўлиб, шаҳарда кучли ёмғирлар давом этаётгани сабаб яна ўнлаб кўчкилар содир бўлган.
Филиппин Президенти Фердинанд Маркос кичик бугун, 10 август куни кучли ёғингарчилик шаҳарлар ва асосий кўчаларни сув босиши ортидан давлат хизматчиларини масофадан ишлашга ўтказишни буюрган. Шунингдек, Манила метрополияси ва ўндан ортиқ провинциядаги мактабларда муқобил таълим усулларини жорий этиш топширилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Дельфин” тайфуни Хитойнинг шарқий қирғоғига етиб борди ҳамда мамлакатнинг бир қатор ҳудудларида кучли ёмғир, сув тошқини ва кўчки хавфи юзага келгани сабабли 1 миллиондан ортиқ аҳоли хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилингани ҳақида хабар берилган эди.