FIFA Аргентина футболчиларининг сиёсий баннери бўйича текширув бошлади

Sport

image

FIFA Интизом қўмитаси 2026 йилги Жаҳон чемпионатининг ярим финалидан сўнг, Аргентина терма жамоаси футболчилари томонидан сиёсий мазмундаги баннер намойиш этилгани юзасидан текширув бошлади. Бу ҳақда ташкилот баёнотига таяниб, ESPN хабар берди.

Аввалроқ, Аргентина терма жамоаси Англия устидан 2:1 ҳисобида қозонилган ярим финал ғалабасини “Мальвиналар – аргентиналикларники” деган ёзув туширилган баннер билан нишонлаган эди.

“Стандарт тартибга мувофиқ, FIFA Интизом қўмитаси ҳозирда ўйин бўйича расмий ҳисоботларни ўрганмоқда ҳамда интизом кодексига асосан кейинги чоралар юзасидан қарор қабул қилишдан аввал барча ҳолатларни баҳоламоқда”, дейилади ташкилот баёнотида.

Агар мазкур ҳаракат Интизом кодексини бузган деб топилса, аргентиналик футболчилар жаримадан тортиб, футбол билан боғлиқ фаолиятдан маълум муддатга четлатилишгача бўлган турли интизомий жазоларга дуч келиши мумкин. Бироқ Испаниянинг COPE радиостанцияси маълумотига кўра, FIFA Жаҳон чемпионати давомида ёки мусобақадан сўнг жиддий санкциялар қўллашни режалаштирмаяпти.

Маълумот учун, Аргентина ва Буюк Британия ўртасида Фолкленд (Аргентинада Мальвиналар деб аталади) ороллари бўйича кўп йиллик ҳудудий низо мавжуд. Аргентина мазкур оролларни ўзининг тарихий ҳудуди деб ҳисоблайди ва 1833 йилда Британия назорати ўрнатилганини босқин сифатида баҳолайди. Масала бир неча бор Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) доирасида муҳокама қилинган.

1982 йилда эса ушбу ҳудудий низо қуролли тўқнашувга айланиб, Фолкленд уруши юз берган ва у Буюк Британия ғалабаси билан якунланган. Шундан буён Аргентина ороллар устидан суверенитет масаласини БМТ механизмлари орқали кўтариб келмоқда, аммо томонлар ҳозирга қадар муросага эриша олмаган.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends