FIDE классик шахматда вақт назоратини қисқартирди
Sport
−
10:04 256 1 minute
Халқаро шахмат федерацияси (FIDE) Бош ассамблеяси классик шахматда вақт назоратини қисқартириш тўғрисидаги резолюцияни қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда ташкилотнинг расмий сайти хабар берди.
Ҳужжатга кўра, махсус рухсат талаб этилмайдиган турнирларда ҳар бир ўйинчига 60 дақиқа ва ҳар бир юриш учун 30 сония қўшиладиган (60+30) вақт назоратини қўллашга рухсат берилиши мумкин. Айрим ҳолатларда эса 45+30 форматидаги назоратдан фойдаланиш ҳам кўзда тутилган.
Эндиликда мазкур ўзгаришлар FIDE Кенгашида муҳокама қилиниб, тасдиқланиши керак.
Шу билан бирга, шахмат унвонлари ва рейтингларини белгилаш учун ҳисобга олинадиган турнирларда айрим чекловлар сақланиб қолади. Жумладан, бир кунда иккитадан ортиқ ўйин ўтказишга рухсат берилмайди.
Қисқартирилган вақт назоратида эса бир кунда кўпи билан битта шахмат нормасини бажариш мумкин бўлади.
Рейтинг учун ҳисобга олинадиган мусобақаларда ўйинларнинг умумий давомийлиги бир кунда 12 соатдан ошмаслиги лозим. Ушбу вақт чегараси доирасида иккитадан ортиқ партия ўтказишга рухсат берилиши мумкин.
Аввал юқори даражадаги классик шахмат турнирларида минимал вақт назорати ҳар бир ўйинчи учун 90 дақиқа ва ҳар бир юриш учун қўшимча 30 сония (90+30) этиб белгиланган эди.
Live
All