FIDE Жаҳон тожи учун баҳс форматини тасдиқлади

Sport

−

image

Халқаро шахмат федерацияси (FIDE) ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдоров ва ҳиндистонлик Гукеш Доммаражу ўртасидаги жаҳон чемпионлиги учун баҳс регламентини тасдиқлади. Бу ҳақда ташкилот матбуот хизмати хабар берди. 

Мусобақа қоидаларига кўра, жаҳон чемпионлиги баҳси классик шахмат бўйича кўпи билан 14 та партиядан иборат бўлади. Дастлабки 40 та юриш учун ҳар бир шахматчига 120 дақиқадан вақт берилади. 41-юришдан бошлаб ҳар бир юриш учун 30 сония қўшиб борилади, партиянинг қолган қисми учун эса қўшимча 30 дақиқа ажратилади.

Баҳсда биринчи бўлиб 7,5 очко тўплаган шахматчи жаҳон чемпионига айланади. Қора доналарда ўйнаётган шахматчининг 40-юришига қадар дурангга келишиш тақиқланади.

Агар 14 та классик партиядан кейин ҳисоб 7:7 бўлса, чемпион тезкор шахмат ва блиц бўйича тай-брейкларда аниқланади. Тай-брейк баҳслари жорий йилнинг 12 декабрь куни ўтказилиши режалаштирилган.

Мазкур вақт назорати тизими FIDE томонидан 2024 йил сентябрь ойида тасдиқланган. У Сингапурда Дин Лижэнь ва Гукеш Доммаражу ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионлиги баҳсидан олдин жорий этилган эди.

Аввалги форматда шахматчиларга дастлабки 40 та юриш учун 120 дақиқа, кейинги 20 та юриш учун 60 дақиқа ва партиянинг қолган қисми учун 15 дақиқа берилган. Янги тизимда эса вақт назорати икки босқичга қисқартирилиб, 30 сониялик қўшимча вақт 41-юришдан бошлаб қўлланиладиган бўлди.

Шунингдек, 2024 йилги чемпионлик баҳсидан бошлаб ҳар бир ғалаба учун молиявий бонуслар тизими ҳам жорий этилган. Бу янгилик шахматчиларни партияларда ғалаба учун фаолроқ курашишга рағбатлантириш мақсадида киритилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Синдоров ва амалдаги жаҳон чемпиони Гукеш ўртасидаги 2026 йилги жаҳон чемпионлиги учун баҳс тақвимини эълон қилинганди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends