Эстония Россия билан барча чегара пунктларини ёпади
World
−
16:26 269 2 minutes
Эстония 1 декабрдан бошлаб Россия билан барча чегара ўтказиш пунктлари фаолиятини тўлиқ тўхтатади. Мамлакат Ташқи ишлар вазири Маргус Цахна бу қарор Россиянинг Эстония ҳудудидаги душманона ҳаракатларини чеклаш ва санкцияларни четлаб ўтиш ҳолатларининг олдини олишга қаратилганини билдирди. Бу ҳақда Эстония Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.
Вазирнинг маълум қилишича, чегара пунктларини ёпиш қарори Россия ҳарбий разведкаси Эстониядаги Threod Systems мудофаа корхонасига ўт қўйишга уринишни ташкил этгани ҳақидаги маълумотлар олинганидан кейин қабул қилинган.
“Эстония 1 декабрдан бошлаб Россия билан барча чегара ўтказиш пунктларини ёпади. Бу Россиянинг мамлакатимизда душманона ҳаракатларни амалга ошириш имкониятларини камайтиради ва санкцияларни четлаб ўтишга қарши чораларни кучайтиради”, деб ёзди Маргус Цахна ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
Шунингдек, у Россия Эстонияга қарши ҳаракатлари оқибатсиз қолмаслигини тушуниши кераклигини таъкидлаган. Вазирнинг сўзларига кўра, мамлакатни қўрқитиш, вазиятни беқарорлаштириш ёки хавфсизликка таҳдид солишга уринишларга жавоб қайтарилади.
Эстония Бош вазири Кристен Михал ҳам Россия билан чегарани ёпиш режаларини тасдиқлади. Унинг таъкидлашича, Threod Systems корхонасига нисбатан саботаж уюштиришга уринишдан мақсад Таллиннинг Украинага кўрсатаётган ёрдамини заифлаштириш бўлган.
Эстония расмийлари Россиянинг ушбу ҳодисага алоқадорлиги ҳақида маълумотлар борлигини билдирган бўлса-да, айбловларни тасдиқловчи аниқ далилларни оммага тақдим этмаган. Москва эса бунга ўхшаш айбловларни аввал ҳам рад этиб келган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия ҳукумати Финляндия, Эстония ва Латвия билан еттита темир йўл чегара ўтиш пункти фаолиятини тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилган эди. Қарор жорий йилнинг 1 июлдан кучга кирган ва унга мувофиқ мазкур пунктлар орқали йўловчилар, транспорт воситалари ҳамда юк поездларининг ҳаракати тўлиқ тўхтатилган.
Live
All