Эрон Ямандаги ҳусийларга корпус қўмондонлари ва ракеталарни ҳаводан етказган – ОАВ
World
−
24 July 3895 3 minutes
Эрон шу ойда Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚҚ) қўмондонлари, ҳарбий маслаҳатчилар ҳамда ракета ва дронларга оид жиҳозларни Яманга ҳаво орқали етказгани айтилмоқда. Бу ҳақда “Reuters” манбаларга таяниб хабар қилди.
Тўрт манбанинг агентликка билдиришича, жорий йил 13 июль куни Теҳрондан Яманга амалга оширилган Mahan Air рейси орқали 10 нафардан 21 нафаргача ИИҚҚ ходими, жумладан юқори лавозимли қўмондонлар ҳамда ҳарбий жиҳозлар олиб келинган. Хабарга кўра, самолёт дастлаб ҳусийлар назоратидаги Сано шаҳрига қўниши керак эди, аммо аэропорт Саудия Арабистони қўллаб-қувватлайдиган Яман ҳукумати ҳужумига учрагач, Қизил денгиз бўйидаги Ҳудайда шаҳрига йўналтирилган.
Манбалардан бирига кўра, ИИҚҚ қўмондонлари ҳусийларнинг операцияларини қўллаб-қувватлаш ва уларни янги ракета тизимларидан фойдаланишга ўргатиш учун юборилган. Шунингдек, самолётда ҳусийлар фаолиятини молиялаштириш учун олтин ҳам олиб келингани айтилган.
Эрон Ташқи ишлар вазирлиги бу хабарга изоҳ бермаган. Теҳрон аввал ҳам Ямандаги ҳусийларга ракета технологиялари етказиб бераётганини бир неча бор рад этган. Ўзини мазкур самолёт йўловчиларидан бири деб таништирган ҳусийлар оммавий ахборот воситалари вакили Абдул Раҳмон ал-Аҳномий Эрон Яманга ҳарбий мутахассислар юборгани ҳақидаги маълумотларни “ёлғон ва уйдирма” деб атаган. Унинг сўзларига кўра, самолётдаги барча йўловчилар фуқаролар бўлган.
Ҳусийлар ҳам ўзларини Эроннинг прокси кучи эмаслигини таъкидлаб, қурол-яроғларини мустақил равишда ишлаб чиқараётганини билдириб келади.
20 июль куни ҳусийлар 13 июль куни Сано аэропортига берилган зарбага жавобан Саудия Арабистонига қарши денгиз блокадаси эълон қилган. Улар бу ҳужумни Саудия Арабистони амалга оширганини айтган. Бу ҳаракатлар Ар-Риёд ва ҳусийлар ўртасида тўрт йил давом этган сулҳнинг якунланганини англатди. Кеча, 23 июль куни ҳусийлар Саудия Арабистонининг икки нефть танкерига ҳужум қилганини ҳам маълум қилган.
Саудия Арабистони қўллаб-қувватлайдиган Яман ҳукумати Ахборот вазири Муаммар ал-Ирёни “Reuters” билан суҳбатда ИИҚҚ ходимлари ва ҳарбий жиҳозлар Яманга олиб келинганини разведка маълумотларига таяниб тасдиқлаган.
“Уларнинг вазифаси гуруҳнинг ҳарбий имкониятларини кучайтириш ва Қизил денгиз ҳамда Боб ал-Мандаб бўғозида халқаро денгиз хавфсизлигига таҳдид солишга тайёрлашдан иборат”, деган у.
Хавфсизлик ва разведка таҳлилчиси Мзаҳем Алсалум ҳам 13 июль кунги рейс билан ИИҚҚ мутахассислари келганини тасдиқлаган. Унинг айтишича, юклар орасида қисқа ва ўрта масофали ракета ҳамда дронларга тегишли қисмлар бўлган. Бу қуроллар аввал Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликларига қилинган ҳужумларда қўлланган тизимларга ўхшайди. Алсалумнинг сўзларига кўра, Теҳрон ўтган йили Исроил билан уруш вақтида ҳам ҳарбий маслаҳатчиларни Сомали орқали Яманга юборган. Эрон бу даъвони ҳам рад этган.
Ҳусийлар шу ой бошида Сано ва Теҳрон ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилганини эълон қилиб, буни Саудия Арабистони жорий этган, деб ҳисоблаётган блокадани юмшатишга хизмат қилишини айтган.
20 июль куни Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Исмоил Бақоий 13 июль кунги рейс Теҳронга Олий раҳбар Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг жанозасида қатнашиш учун келган ҳусийлар делегацияси ҳамда Эронда даволанган яманлик фуқароларни ватанига қайтариш мақсадида амалга оширилганини билдирган. 3 июль куни самолёт 200 нафарга яқин йўловчини, жумладан юқори лавозимли амалдорлар, аёллар ва болаларни жаноза маросими учун Эронга олиб борган.
Манбаларнинг айтишича, 13 июль куни қайтиш рейсида делегация аъзолари билан бирга ИИҚҚ қўмондонлари ва маслаҳатчилари ҳам бўлган. Самолёт Сано аэропортига қўна олмасдан, ҳукумат кучлари зарбаси сабабли Ҳудайдага йўналтирилган. Ҳусийлар ҳарбийлари аэропортга ҳужум қилган Саудия Арабистони ҳарбий самолётлари Яман ҳаво ҳудудини тарк этишга мажбур бўлганини маълум қилган.
Live
All