Эрон билан урушни тугатишда Россия ёки Хитойдан ёрдам сўрамаймиз – Трамп
World
−
13:31 809 5 minutes
Вашингтон Эрон билан можарони ҳал қилишда ёрдам сўраб Россия ёки Хитойга мурожаат қилиш ниятида эмас. Бу ҳақда АҚШ Президенти Дональд Трамп Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги (APEC) саммити доирасида “Fox News” телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтди.
Журналистнинг Вашингтон Эрон билан урушни якунлаш учун Москва ёки Пекиндан ёрдам сўрашни режалаштиряптими, деган саволига Трамп рад жавобини берган.
“Биласизми, бизга ёрдам керак эмас”, дейди у.
АҚШ Президентининг айтишича, Қўшма Штатлар Эроннинг ҳарбий-денгиз кучларини йўқ қилган ва унинг ҳарбий-ҳаво кучларига зарба берган.
“Эронликлар келишув тузишни истайди. Шунинг учун менга ёрдам керак эмас. Мен ҳеч кимдан ёрдам сўрамоқчи эмасман”, дейди у.
Трамп, шунингдек, АҚШ Эроннинг ядровий объектларига зарба берганини, шундан сўнг Теҳрон гўёки биологик қурол яратишга ўтганини маълум қилган.
Эрон томонидан Вашингтонга қарши “ифлос бомба” қўлланилиши мумкинлиги ҳақидаги даъволарни изоҳлар экан, Америка етакчиси АҚШ пойтахти аҳолиси хавотир олмаслиги кераклигини билдирган.
“Агар шундай бўлса, биз уларни [Эронни] йўқ қиламиз. Бу менинг сизларга берган ваъдам”, дейди у.
Шу билан бирга, АҚШ Президенти Эрон билан имзоланган ўзаро англашув меморандумини “беҳуда вақт сарфи” деб атаган.
“Мен баъзи нарсаларни кечиктирдим. Бу меморандум хато эмас эди. Шу вақт ичида биз Эронни яхшироқ билиб олдик. Уларга ишониб бўлмаслигини тушундик”, дейди Трамп.
АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс Эрон бўйича музокаралардан четлатилгани ҳақидаги хабарлар тўғрисидаги саволга Трамп шундай жавоб берган:
“Йўқ, у ўз ишини яхши уддаламоқда. Йўқ”.
Америка етакчисининг сўзларига кўра, Теҳрон билан музокаралар давом этмоқда.
“Улар битим тузишни хоҳлашади, лекин мен узоқ муддатли келишувни истайман”, дея таъкидлайди у.
Россия-Украина уруши ҳақида гапирар экан, Трамп агар у 2020 йилги президентлик сайловларида мағлуб бўлмаганида, можаро бошланмаган бўларди, деган фикрни яна бир бор билдирган. Шу билан бирга, Америка етакчиси уруш тез орада “у ёки бу тарзда” тугашини маълум қилган.
“Хитой билан муносабатларимиз аъло даражада”
“Хитой билан муносабатларимиз аъло даражада. Бу дўстлик ва ҳурмат муносабатларидир”, дейди Трамп Пекин билан алоқаларни изоҳлар экан.
АҚШ Президентининг сўзларига кўра, ХХР Раиси Си Цзиньпин уни аэропортда шахсан кутиб олган ва Трампнинг таъкидлашича, бу мамлакат тарихида илгари ҳеч қачон содир бўлмаган.
“Бу Хитой учун ҳам, биз ҳам учун катта ғалаба”, дейди у.
Ядровий қуролланиш масаласи
У ҳозирги вақтда АҚШ 4 мингта, Россия 3,8 мингта, Хитой эса 400 дан 500 тагача ядровий жанговар каллакка эга эканини қайд этган. Шу билан бирга, Трамп тахминан ўн йил ичида Пекин Вашингтон ва Москвадан ортда қолишни қисқартириши мумкинлигини тахмин қилган.
“Мен бундай бўлмаслигини афзал кўрган бўлардим”, дея қўшимча қилган у.
Хитойнинг Эронга разведка маълумотларини берганлиги тахмин қилинаётгани муносабати билан унга нисбатан билдирилаётган танқидларни шарҳлар экан, Трамп АҚШ ҳам ўз ҳамкорлари билан разведка маълумотларини алмашишини таъкидлаган.
“Биз ҳам разведка маълумотларини тақдим этамиз. Украинага қаранг, биз ҳам разведка маълумотларини узатамиз. Улар: “О, улар бизни кузатишяпти”, дейишади. Биз ҳам уларни кузатамиз. Ўйлайманки, биз уларни улар бизни кузатганидан кўра яхшироқ жосуслик қилиб кузатамиз. Мен буни сизга айтиб бера олмайман. Айнан нима қилаётганимизни айта олмайман, лекин шундай дейлик: “Мен ҳамма нарсани биламан”, дейди у.
Nvidia атрофидаги вазият
Трамп кеча, 18 ноябрь куни кечки овқат пайтида ХХР Раиси Си Цзиньпин билан учрашганини, суҳбат давомида Nvidia’нинг собиқ бош директори Женсен Хуанг атрофидаги вазият ҳам муҳокама қилинганини маълум қилган.
“Хуанг билан содир бўлган воқеа – фожиа. У жуда ақлли инсон”, дейди Америка етакчиси.
Трамп, шунингдек, АҚШда истеъдодли мутахассисларни қўллаб-қувватлаш зарурлигини таъкидлаган.
“Биринчи президентлик муддатим давомида мен Илонга (Маскка) жуда кўп ёрдам бердим. Ўшанда уни кам одам биларди. Эҳтимол, бугун бизда бундай Илон бўлмасди. Биз ўз даҳоларимизни асрашимиз керак”, дея қайд этган у.
Хуангнинг Хитой разведкаси билан алоқадорлиги тахмин қилинаётган аёл билан муносабатлари АҚШ миллий хавфсизлигига таҳдид солиши мумкинмиди, деган саволга Трамп унинг жосус эканлиги ҳақида эшитмаганини айтган.
“У жуда ёқимтой аёл эди. У Хитойдан келган ва одамлар уни жосус деб ўйлашади. Мен унинг жосус эканлигини эшитмаганман. У чиплар сотиб олиш билан шуғулланувчи тадбиркор эди”, дейди у.
Трамп Америка компаниялари фаолиятидаги узилишларга изоҳ берган
АҚШ авиация соҳасидаги узилишлар, шунингдек, банклар ва йирик технологик компаниялар фаолиятидаги носозликлар ҳақидаги саволларга жавоб берар экан, Трамп ушбу ҳодисалар ўзаро боғлиқ эмаслигини билдирган.
Содир бўлаётган воқеалар муносабати билан америкаликлар хавотир олиши керакми, деган саволга АҚШ Президенти хотиржамликни сақлашни маслаҳат берган.
“Уларга хотиржамликни сақлашларини айтинг. Ҳаммаси жойида. Буларнинг барчаси алоҳида-алоҳида ҳодисалардир”, дейди у.
Live
All