Эрон Ҳормуз бўғозини 7 шарт бажарилмагунча очмайди – Ғолибаф
World
−
10:53 1181 2 minutes
Эрон Ҳормуз бўғозини АҚШ билан келишилган етти шарт бажарилмагунча очмайди. Бу ҳақда Эрон парламенти спикери ва мамлакатнинг АҚШ билан музокаралардаги бош вакили Муҳаммад Боқир Ғолибаф кеча, 4 октябрь куни маълум қилди.
Унинг айтишича, Эрон БМТ Бош Ассамблеяси доирасида таклиф илгари сурган. Унга кўра, етти шарт бажарилса, Ҳормуз бўғози очилиши ва сув йўлида кемаларнинг нормал қатнови етти кун ичида тикланиши мумкин. АҚШ эса ўтган ҳафта бу таклифга Қатар воситачилигида жавоб берган.
“Эрон Ислом Республикасининг позицияси мутлақо аниқ ва қатъий. Ҳормуз бўғози Исломобод англашув меморандуми асосида белгиланган етти шартимиз бажарилмагунча очилмайди”, деган Ғолибаф.
У Вашингтон дипломатик жараённи чўзиш ва бир томонлама талабларни илгари суриш даври тугаганини тушуниши кераклигини айтган.
Эрон Ташқи ишлар вазирлиги вакили Исмоил Бақоий ҳам Теҳрон АҚШнинг жавобига доир асосий позициясини воситачилар орқали Вашингтонга етказганини билдирган. Унинг сўзларига кўра, айрим масалалар бўйича АҚШга қўшимча маълумот берилиши керак.
“Америкаликларнинг таклифлари, умуман олганда, аввалги позицияларига, хусусан, ядровий масалага оид қарашларига мос келади. Биз уларга бу босқичдаги асосий эътиборимиз Ҳормуз бўғози масаласига қаратилганини ва ушбу сув йўлида хавфсизликни тиклаш учун АҚШ томонидан аниқ қадамлар ташланиши кераклигини айтдик”, деган Бағоий.
Маълумот учун, Ҳормуз бўғози – Эрон ва Уммон ўртасида жойлашган стратегик денгиз йўли бўлиб, Форс кўрфазини Уммон кўрфази ва Араб денгизи билан боғлайди. У орқали дунё бозорига катта миқдорда нефть ва суюлтирилган табиий газ етказиб берилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмуриятининг юқори лавозимли вакиллари Кэмп-Дэвиддаги Президент қароргоҳида Эрон ва Ямандаги ҳусийларга қарши кейинги қадамларни муҳокама қилиш учун махфий йиғилиш ўтказганди.