Энергетик ичимликлар тақиқланиши мумкин. Қозоғистонда!

World

−

image

Қозоғистонда энергетик ичимликларни ишлаб чиқариш, импорт қилиш ва сотишни бутунлай тақиқлаш таклиф этилди. Бу ташаббус билан “Оталар иттифоқи” жамоат бирлашмаси чиқди. Бу ҳақда “Nur.kz” хабар берди.

Қайд этилишича, петиция муаллифлари 21 ёшга тўлмаган шахсларга энергетик ичимликлар сотиш тақиқлангани етарли эмас деб ҳисоблайди. Улар ушбу маҳсулотларни ишлаб чиқариш, тижорат мақсадида олиб кириш, улгуржи ва чакана сотишни, жумладан, интернет-дўконлар ҳамда етказиб бериш хизматлари орқали тарқатишни ҳам тақиқлашни таклиф қилмоқда.

Ташкилот ўз таклифини энергетик ичимликлар қон босимини ошириши, таркибидаги шакарнинг кўплиги ҳамда шакарсиз турларида ишлатиладиган ширинлаштирувчи моддалар ҳам зарарли бўлиши мумкинлиги ҳақидаги фикрлар билан асослаган.

Шунингдек, бирлашма вакиллари катталар орасида чарчоқ ва уйқусизликни енгиш учун энергетик ичимликларни мунтазам истеъмол қилиш ҳолатларига эътибор қаратган. Уларнинг фикрича, бу уйқу билан боғлиқ муаммолар ва ичимликка қарамликни келтириб чиқариши мумкин.

Петицияда энергетик ичимликлар рекламасини, уларни бепул тарқатиш ва ижтимоий тармоқлар орқали тарғиб қилишни ҳам тақиқлаш таклиф этилган. Бундан ташқари, маҳсулот номини ўзгартириш орқали тақиқни четлаб ўтишнинг олдини олиш, ноқонуний савдо учун жавобгарлик белгилаш ҳамда ишлаб чиқарувчи, импорт қилувчи ва сотувчилар фаолияти устидан назорат ўрнатиш сўралган.

Ташкилот тегишли петицияни мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлигига йўллаган.

Бунгача Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги болаларга йўналтирилган фастфуд, ширин ичимликлар ва таркибида шакар, туз ҳамда тўйинган ёғлар кўп бўлган маҳсулотлар рекламасини чеклашни таклиф қилган эди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ҳукуматга бир ой муддатда энергетик ичимликлар ишлаб чиқариш ва уларни мамлакатга олиб киришни тақиқлаш масаласини кўриб чиқишни топширгани ҳақида хабар берилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends