Эгизаклар фожиаси: 11 сентябрь терактларида айбланаётганлар суди қачон бўлиши айтилди
World
−
10:05 2162 2 minutes
2001 йил 11 сентябрдаги терактларни ташкил этишда айбланаётган Холид Шайх Муҳаммад ва унинг 3 нафар шериги устидан ҳарбий трибунал суди 2028 йил июнь ойида бошланади. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Қайд этилишича, АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари подполковниги Майкл Шрама 5 июнь куни суд жараёнини бошлаш ҳақида қарор чиқарган. Ушбу иш Гуантанамо қамоқхонасида сақланаётган 4 нафар гумонланувчи билан боғлиқ бўлиб, уларнинг суд жараёни қарийб 20 йилдан бери ҳуқуқий баҳслар туфайли кечикиб келган.
Манбага кўра, судда Холид Шайх Муҳаммаддан ташқари Валид Муҳаммад Солиҳ Муборак бин Атош, Мустафо Аҳмад Одам ал-Ҳавсавий ва Али Абдул Азиз Али ҳам айбланувчи сифатида иштирок этади.
Маълум қилинишича, жараён ҳарбий хизматчилардан иборат ҳайъатни танлашдан бошланади. Ҳайъат шакллантирилганидан 30 кун ўтиб томонларнинг кириш нутқлари эшитилади, шундан сўнг прокуратура далилларни тақдим этади. Кейин ҳимоя томони ўз далилларини келтириши мумкин.
Билдирилишича, судья прокуратуранинг судни 2027 йил январда бошлаш таклифини рад этган. Унинг таъкидлашича, бундай муддат судгача бўлган далиллар ва процессуал масалаларни ҳал қилиш учун етарли эмас.
Ўтган ой АҚШ апелляция суди Муҳаммад ва унинг 2 шеригига айбини тан олиш бўйича келишув асосида суддан олдин келишув тузиш имконини бермаган. Мазкур келишув уларни ўлим жазосидан сақлаб қолиши мумкин эди.
Маълумот учун, Холид Шайх Муҳаммад 11 сентябрь терактларининг асосий ташкилотчиси сифатида айбланмоқда. Тергов маълумотларига кўра, у йўловчи самолётларини олиб қочиб, уларни Нью-Йоркдаги Жаҳон савдо маркази ва Пентагон биноларига урилишини режалаштиришда иштирок этган. Ҳужумлар оқибатида қарийб 3 минг киши ҳалок бўлган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия ва АҚШ президентларининг келишувига биноан Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) ва Марказий разведка бюроси (МРБ) Усома бин Лодинни йўқ қилиш бўйича ҳамкорликдаги операцияни тайёрлагани хабар қилинганди.
Live
All