Эҳром тошидан 45 млн йиллик тимсоҳнинг янги тури топилди
Interesting
−
08:49 1768 3 minutes
Олимлар Мисрдаги Буюк Сфинкс ва Гиза эҳромлари қурилишида ишлатилган оҳактош қатламидан топилган қолдиқларни қайта ўрганиб, тахминан 45 млн йил аввал яшаган тимсоҳнинг янги турини аниқлади. Унга Herugavialis cairensis номи берилди. Бу ҳақда “Royal Society Open Science” журналида чоп этилган тадқиқотда маълум қилинди.
Қайд этилишича, янги турга тегишли қазилма қолдиқлар Миср шимолидаги Мокаттам қатламидан топилган. Бу ҳудуд 45 млн йил аввал саёз денгиз бўлган. Унда балиқлар, акулалар ва дастлабки китлар каби қадимги денгиз ҳайвонларининг кўплаб қолдиқлари сақланиб қолган.
Мокаттамдаги оҳактошдан қадимги мисрликлар кейинчалик машҳур ёдгорликларини, жумладан, Буюк Сфинкс ва Гиза эҳромларини қуришда фойдаланган.
Тадқиқотчилар ўрганган асосий топилмалардан бири деярли тўлиқ тимсоҳ бош суяги бўлган. У 1920 йилларда топилган. Қизиғи, бош суягининг тумшуғи уч қисми йўқ. Бу жиҳати бурни йўқолган Буюк Сфинксни эслатади. Шу ўхшашлик сабаб олимлар янги уруғга қадимги Миср худоларидан бири Хорус номидан келиб чиққан Herugavialis деб ном берган.
Қолдиқлар дастлаб, 1927 йилда, ҳозирги сохта гавиалга ўхшашлиги сабабли Tomistoma cairense деб таснифланган. Бироқ янги тадқиқотда олимлар қазилмаларни эволюцион таҳлил ва компьютер томографияси ёрдамида қайта текширган. Натижада улар Tomistoma уруғига мансуб эмаслиги аниқланган.
“Herugavialis cairensis – 66 млн йилдан 23 млн йил аввалгача бўлган даврда Ўрта Ер денгизида яшаган гавиалларнинг олтинчи тури. Биз ҳали билмайдиган бошқа турлар ҳам бўлиши мумкин”, деган тадқиқот муаллифларидан бири, палеонтолог Пол Берк.
Herugavialis узун ва ингичка тумшуqqa эга бўлган. Унинг ўткир ва учли тишлари балиқ тутишга мослашган. Олимлар бу тимсоҳ Мокаттам ҳудудида яшаган балиқлар билан озиқланган деб ҳисоблайди. Унинг кўзлари ҳам ҳозирги ҳинд гавиалиникига ўхшаб бош суягидан бироз бўртиб турган бўлиши мумкин. Бу унинг ярим сувда яшайдиган йиртқич бўлганини кўрсатади.
Ҳозирги кунда гавиалларнинг атиги икки тури мавжуд. Улардан бири Ҳиндистон яриморолида яшайдиган ҳинд гавиали бўлса, иккинчиси Жануби-Шарқий Осиёда учрайдиган сохта гавиалдир. Бироқ гавиалларнинг қадимги вакиллари қолдиқлари Буюк Британия, Швеция, Италия, Миср ва Япония каби давлатлардан ҳам топилган.
Олимларнинг таъкидлашича, Буюк Сфинкс ва Гиза эҳромлари таркибидаги тошларда бошқа қадимий жонзотларнинг қолдиқлари ҳам бўлиши мумкин. Мутахассислар Мокаттам қатламидан топилган қазилмалар қадимги Миср ҳудудида миллионлаб йиллар аввал мавжуд бўлган бой денгиз экотизими ҳақида маълумот беришини айтмоқда.
Тадқиқотчиларнинг фикрича, қарийб бир аср олдин топилган қазилмани қайта ўрганиш музейлардаги эски коллекцияларни яна бир бор текшириш қанчалик муҳимлигини ҳам кўрсатади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ олимлар динозаврлар даврида яшаган йирик денгиз судралиб юрувчисини кашф этиб, унга Tylosaurus rex деб ном берган эди.
Live
All