Давактив биноси 251,6 млрд сўмга сотилди
Local
−
21:34 796 2 minutes
Бугун, 9 ноябрь куни “E-auksion” электрон платформасида Давлат активларини бошқариш агентлигининг Тошкент шаҳри Миробод туманида жойлашган маъмурий биносини сотиш бўйича аукцион савдолари бўлиб ўтди. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, объектнинг бошланғич қиймати 165,5 млрд сўм бўлган ва 251,6 млрд сўмга сотилган. Шу тариқа, якуний нарх бошланғич нархдан 52 фоизга кўтарилган.
Давлат активларини бошқариш агентлигининг маъмурий биноси илк бор очиқ аукцион савдоларига 2025 йилнинг август ойида 165,5 млрд сўм бошланғич нарх билан қўйилган. Сотув вазирликлар, идоралар ва уларнинг бўйсунувидаги ташкилотларни Янги Тошкентга кўчириш дастури доирасида амалга оширилмоқда, ушбу дастур пойтахтдаги 83 та кўчмас мулк объектини сотишни назарда тутади.
Бугунги ҳолатга кўра, Тошкентда вазирлик ва идораларнинг умумий суммаси 1 120,4 млрд сўмлик 8 та маъмурий биноси сотиб бўлинган. Яна 11 та объект умумий бошланғич қиймати 1 020,5 млрд сўм билан савдоларга чиқарилган. Бўшатилаётган маъмурий биноларни сотишдан тушадиган маблағлар Янги Тошкентда янги маъмурий инфратузилмани қуришга йўналтирилади.
“Шундай қилиб, давлат кўчмас мулк объектларини очиқ электрон савдолар орқали реализация қилиш жараённинг шаффофлигини таъминлаш ҳамда олинган маблағларни давлат органларининг замонавий инфратузилмасини шакллантиришга йўналтириш имконини беради”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 26 октябрь куни Тошкент шаҳри Юнусобод туманида жойлашган аэрогеодезия маркази биноси 213,09 млрд сўмга сотилганди.
Live
All