“Даҳшатли фожиа“. АҚШда самолёт турар жойлар ҳудудига қулади (видео)

World

−

image

АҚШнинг Флорида штатидаги Палм-Бич округида кеча, 1 ноябрь куни хусусий самолёт турар жойлар жойлашган ҳудудга қулади. Оқибатда бортдаги тўққиз кишининг барчаси ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Reuters“ хабар берди.

Федерал авиация маъмурияти маълумотига кўра, Learjet 60 русумли самолёт Техас штатидаги Остин-Бергстром халқаро аэропортидан ҳавога кўтарилган ва Багама оролларидаги Норт-Элетера аэропортига йўл олган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда самолёт йўл яқинига қулагани ва кучли портлаш содир бўлгани акс этган.

Флорида губернатори Рон Десантис ҳалокат жойи яқинидаги Лейк-Уорт-Бич шаҳрида ўтказилган матбуот анжуманида воқеани катта фожиа деб атаган.

“Видеони кўрганингизда, бу даҳшатли манзара эканини тушунасиз. Самолёт худди ракетадек пастга тушди ва улкан портлаш юз берди, парчалар ҳар томонга сочилди“, деган у.

АҚШ Миллий транспорт хавфсизлиги кенгаши ҳалокат юзасидан тергов бошлаган. Транспорт вазири Шон Даффи ҳам ҳодисани даҳшатли фожиа деб атаган.

Палм-Бич округи комиссари Жоэл Флореснинг айтишича, самолёт қулаган жойда, кўчма уйлар жойлашган ҳудудга кириш қисми яқинида улкан кратер ҳосил бўлган. Ҳодиса ҳудудидан қарийб 600 киши эвакуация қилиниб, округдаги иккита вақтинчалик бошпанaga жойлаштирилган.

Майами ҳаво ҳаракатини бошқариш марказидаги суҳбатлар ёзуви самолёт қулаши олдиданги сўнгги дақиқаларни батафсил акс эттирган. LiveATC сайтида эълон қилинган аудиоёзувга кўра, аввалига самолёт кабинасидаги шахс диспетчерга музлаш ҳолати билан курашаётганини, шунингдек, ўртача даражадаги турбулентлик кузатилаётганини айтган ва парвоз учун қулайроқ шароит сўраган.

Орадан бир дақиқага ҳам етмай, у “Mayday, Mayday“ деб фавқулодда сигнал берган ва самолёт дақиқасига 10 минг фут тезликда кескин пастлаётганини билдирган.

Бир неча сониядан сўнг экипаж фавқулодда вазият эълон қилган. Бу вақтда самолётнинг пастлаш тезлиги дақиқасига 20 минг футгача ошган. Орадан 20 сонияга ҳам етмай, кабинадаги шахс самолёт ерга қулаши мумкинлигини айтган. Шу пайтда пастлаш тезлиги дақиқасига 22 минг футга етган, самолёт эса бурила бошлаган.

Дастлабки фавқулодда сигнал берилганидан тахминан 35 сония ўтиб, кабинадан эшитилган сўнгги гап “Вақтимиз тугади“ деган сўзлар бўлган.

АҚШнинг Bombardier компанияси томонидан ишлаб чиқарилган Learjet 60 самолёти ҳалокатининг сабабларини ўрганиш ишлари давом этмоқда. Компания терговга тўлиқ кўмаклашишини ва зарур ҳамкорликни амалга оширишини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Нигериянинг жануби-ғарбий қисмидаги Ондо штатида ҳарбий самолёт қулаши оқибатида бортдаги 25 йўловчи ва 7 экипаж аъзоси, жами 32 киши ҳалок бўлганди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends