Чирчиқда дайди ҳайвонларни овқатлантиргани учун жазоланган аёл уйидан ўлик ҳолда топилди
Crime
−
25 July 9805 2 minutes
Чирчиқ шаҳрида кўп қаватли уй олдида дайди ит ва мушукларни озиқлантирган аёл жавогарликка тортилди бир муддат вақт ўтгач уйидан ўлик ҳолда топилди. Бу ҳақда Чирчиқ шаҳар ҳокимлиги хабар қилди.
Ижтимоий тармоқларда Чирчиқ шаҳрида яшовчи фуқаро Н.С.нинг дайди мушукларни овқатлантиргани учун маъмурий жавобгарликка тортилгани ҳамда орадан бир неча кун ўтиб вафот этгани юзасидан турли талқин ва изоҳлар тарқалди. Ҳокимлик матбуот хизмати мазкур ҳолатга расмий изоҳ берди.
Қайд этилишича, мазкур ҳолат бўйича олиб борилган ўрганишларда воқеа ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган айрим маълумотларда келтирилганидек бир томонлама эмаслиги аниқланган.
Ҳокимликка кўра, фуқаро Н.С. бир неча йил давомида кўп қаватли уй ҳовлиси ва кириш йўлакларида дайди ит ҳамда мушукларни мунтазам овқатлантириб келган. Натижада ҳудуднинг санитария ҳолати ёмонлашиб, кўп қ уйда истиқомат қилувчи фуқароларнинг эътирозларига сабаб бўлган.
Маълум қилинишича, маҳалла фуқаролар йиғини ҳамда ҳудудий профилактика инспектори томонидан фуқаро билан бир неча бор профилактик суҳбатлар ўтказилиб, амалдаги қонунчилик талаблари тушунтирилган ва расман огоҳлантирилган. Бироқ, огоҳлантиришларга қарамай, мазкур ҳаракатлар давом эттирилган.
Шундан сўнг ушбу хонадонда яшовчи фуқаролар жамоавий равишда маҳалла раисига мурожаат қилиб, ҳолатни тасдиқловчи видеоёзувларни тақдим этган ҳамда қонуний чора кўрилишини сўраган.
Мазкур мурожаатлар асосида Чир шаҳар ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими профилактика инспектори томонидан 2026 йил 26 июнь куни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 110-моддаси (ҳайвонларни сақлаш қоидаларини бузиш)га мувофиқ маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Ахборотда билдирилишича, 2026 йил 22 июль куни волонтёрлар Н.С.нинг ҳолидан хабар олиш мақсадида унинг хонадонига борган. Эшик очилмагани сабабли бу ҳақда маҳалла раисига хабар берилган ва Фавқулодда вазиятлар хизмати жалб қилинган. Хонадон эшиги очилгач, фуқаронинг вафот этгани аниқланган.
Ҳокимликка кўра, суриштирув давомида Н.С.нинг ёши билан боғлиқ саломатлик муаммолари мавжуд бўлгани ҳамда узоқ вақт давомида даволаниб келгани маълум бўлган.
“Шу муносабат билан жамоатчиликдан ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган тасдиқланмаган ёки бир томонлама талқин қилинган маълумотларга эмас, балки расмий манбалар тақдим этаётган холис ва ишончли ахборотларга таяниш сўралади”. дейилади расмий муносабатда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жаҳонгир Мирзо тахаллуси билан ижод қилувчи ёш шоир ва ёзувчи, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабаси Жаҳонгир Номозов ўз уйида ўлик ҳолда топилганди.
Live
All