“Чилонзор”даги ўрмонга ўт кетди (видео)
Local
−
14:12 3689 1 minute
Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманидаги “Хомкон” ўрмон бўлими ҳудудида ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 12 август куни соат 17:15 да “112” тизими орқали Бойсун туманидаги “Чилонзор” маҳалласи ҳудудида жойлашган “Бойсун давлат ўрмон хўжалиги”га қарашли “Хомкон” ўрмон бўлимида қуруқ ўт ва шох-шаббалар ёнгани ҳақида хабар келиб тушган.
Воқеа ҳудудига Сурхондарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳамда “Бойсун давлат ўрмон хўжалиги”га тегишли ходимлар ва махсус техникалар сафарбар қилинган.
Ёнғинни бартараф этиш ишларида Фавқулодда вазиятлар бошқармасидан 194 нафар ходим ва 8 та техника, ўрмон хўжалигидан 60 нафар ходим ва 3 та техника, шунингдек, маҳаллий аҳолидан 55 нафар кўнгилли иштирок этган. Жорий йилнинг 13 август соат 17:30 ҳолатига кўра, ёнғин тўлиқ бартараф этилган.
Ёнғин оқибатида фуқаролар жароҳат олгани ҳақида маълумот йўқ. Айни пайтда ёнғин нимадан келиб чиққанини аниқлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрининг Бектемир туманида жойлашган омборхонада ёнғин чиққани ҳақида хабар берилган эди.