Бўстонлиқда 320-280 минг йиллик ноёб буюмлар топилди
Local
−
16:35 1612 2 minutes
Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги Аркутсой палеолит ёдгорлигида 320-280 минг йил аввал шаклланган қатламдан инсон томонидан ишлов берилган тош буюмлар топилди. Агар ушбу 320-280 минг йиллик сана лаборатория таҳлиллари билан тасдиқланса, Аркутсой Ўзбекистондаги энг қадимги палеолит ёдгорлиги сифатида эътироф этилиши мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон Фанлар академияси хабар берди.

Қайд этилишича, топилмалар Ўзбекистон Фанлар академияси Антропология институти ҳамда Россия Фанлар академияси Сибирь бўлимининг Археология ва этнография институти мутахассислари олиб бораётган қўшма тадқиқотлар давомида аниқланган.
Аркутсой ёдгорлигини мақсадли археологик ўрганиш 2024 йилда бошланган. Ҳозирда қазишма ва кузатув ишлари учта алоҳида майдонда олиб борилмоқда.
Тадқиқотлар давомида ёдгорликнинг биринчи, иккинчи ва учинчи қадимги қазилма тупроқ қатламларидан инсон томонидан ишлов берилган тош артефактлар топилган. Бу эса қадимги инсонлар мазкур ҳудудни бир неча босқичда ўзлаштирганини кўрсатади.
Мутахассисларнинг дастлабки геологик ва палеоиқлимий баҳолашларига кўра, учинчи қатлам 320-280 минг йил аввал шаклланган.
Аввалги тадқиқотлар жараёнида ёдгорликнинг 20 ва 40 метр чуқурликдаги қатламларидан ҳам айрим тош артефактлар топилган. Бироқ уларнинг аниқ стратиграфик ҳолати етарлича ҳужжатлаштирилмагани сабабли, топилмаларни муайян даврга тегишли эканини ишончли аниқлашнинг имкони бўлмаган.
Олимларнинг айтишича, янги топилмалар қадимги инсонларнинг Марказий Осиёга тарқалиши ва табиий-иқлимий шароитларга мослашувини ўрганишда муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, лёсс ва қазилма тупроқ қатламларини археологик топилмалар билан биргаликда ўрганиш орқали қадимги инсонлар фаолияти, иқлим ўзгаришлари ва ландшафт ривожи ўртасидаги боғлиқликни аниқлаш мумкин.
Агар 320–280 минг йиллик сана мустақил лаборатория таҳлиллари билан тасдиқланса, бу қадимги инсонлар Тошкент воҳаси ва Ўзбекистон ҳудудини бундан 320 минг йил аввал ҳам ўзлаштирганини кўрсатади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманидаги Бобуртепа археологик ёдгорлигида олиб борилган қазишмалар давомида қадимий бино қолдиқлари ва ноёб деворий сурат намунаси топилган эди.
Live
AllTibbiy xizmatlar hajmi 3 karra oshdi
28 August
Maktablarda qamrov 78 foizga oshirildi
28 August