“Бунёдкор” оғир аҳволда: жамоа мураббийларсиз қолди
Sport
−
15:31 2372 2 minutes
Тошкентнинг “Бунёдкор” футбол клуби бош мураббий Илёс Зейтуллаев ҳамда унинг ёрдамчилари жамоани тарк этди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.
Клуб хабарига кўра, бош мураббий Илёс Зейтуллаев, шунингдек, унинг ёрдамчилари Алессандро Спинольо, Андрес Моауро ва Марко Никодемо ўз хоҳиши ҳамда томонларнинг ўзаро келишувига кўра истеъфога чиққан.
“Қалдирғочлар” раҳбарияти мутахассисларга жамоа келажаги йўлида амалга оширган меҳнати ва фидойилиги учун миннатдорлик билдириб, уларнинг кейинги мураббийлик фаолиятига омад тилаган.
Зейтуллаев ҳам ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали “Бунёдкор” билан хайрлашди.
“Излаш вақти бор ва йўқотиш вақти бор, сақлаш вақти бор ва улоқтириш вақти бор, йиртиш вақти бор ва тикиш вақти бор, сукут сақлаш вақти бор ва гапириш вақти бор. Ҳар бир нарсанинг ўз вақти ва қуёш остида ўз ўрни бор. “Бунёдкор” футбол клуби билан бирга ушбу гўзал йўлни босиб ўтган ва ҳаётимда ўз изини қолдирган ҳар бир инсондан – футболчилардан тортиб мухлислар, клуб раҳбарияти, хизмат кўрсатувчи ходимлар, хавфсизлик ходимлари ва яна жуда кўпчиликдан Яратганга шукрона айтаман!!! Аёлим ва фарзандларимга сабр-тоқати ҳамда қўллаб-қувватлаганликлари учун раҳмат. Сизлар ҳамиша менинг юрагимдасиз”, деб ёзади Зейтуллаев.
Маълумот учун, ҳозирда “Бунёдкор” клуби ўғир молиявий қийинчиликларни бошдан ўтказмоқда. Маълумотларга кўра, клуб футболчилари бир неча ойдан бери ойлик маошларини олмаяпти ва бундан ташқари жамоада собиқ футболчилари Ривалдо, Денилсон ва Ицуки Уратадан миллионлаб доллар қарзлар бор.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Бунёдкор” молиявий қийинчиликлар сабабли Суперлиганинг 15-тури доирасида сафар учрашувига бора олмаслигини маълум қилган эди. Натижада жамоага “Қизилқум”га қарши ўйин учун техник мағлубият ёзилади. Кейинроқ жамоага давлат бюджетидан 5 миллиард сўм маблағ ажратилди.
Live
All