Бухорода Сомонийлар даврига оид ноёб қолдиқлар топилди
Interesting
−
10:24 844 1 minute
Бухоро шаҳридаги Шаҳристон археологик ёдгорлигида Сомонийлар даврига оид жоме масжидининг меъморий безаклари – куфий ёзувлар туширилган ганч панель қолдиқлари аниқланди. Бу ҳақда Маданий мерос агентлиги хабар берди.
.png)
Қайд этилишича, ноёб топилма Ўзбекистон–АҚШ халқаро археологик экспедицияси томонидан олиб борилаётган тадқиқотлар давомида аниқланган. Экспедиция ишида Ўзбекистон ва АҚШ мутахассислари билан бирга Россия ва Эрон археологлари, рассомлар, чизмачилар ҳамда “Бухоро” давлат музей-қўриқхонаси ходимлари иштирок этмоқда.
.png)
Экспедиция раҳбари Жамолиддин Мирзахмедовнинг билдиришича, ганч панель қолдиқлари тўлиқ ва яхши сақланган ҳолда етиб келмаган. Шу сабабли топилмани сақлаб қолиш мақсадида мутахассислар томонидан реставрация ва консервация ишлари олиб борилмоқда.
Билдирилишича, мазкур топилма Бухоронинг Сомонийлар даври меъморчилиги, хусусан, ганч ўймакорлиги ва эпиграфик безак анъаналарини ўрганишда муҳим илмий манба ҳисобланади.
“Айни пайтда Шаҳристон ёдгорлигида археологик тадқиқотлар билан бир қаторда аниқланган меъморий ганч безакларини мустаҳкамлаш, консервация қилиш ва илмий ўрганиш ишлари давом эттирилмоқда”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жиззах вилоятининг Зомин ва Шароф Рашидов туманларида олиб борилган археологик қидирувлар давомида тош даврига оид янги маконлар ҳамда 30 га яқин қоятош тасвири аниқланганди.
Live
All