Бруну Фернандешнинг уйига ўғри тушди

Sport

−

image

“Манчестер Юнайтед” клуби футболчиси Бруну Фернандешнинг уйига ўғрилар тушди. Бу ҳақда “The Athletic” нашри хабар берди.

Маълум қилинишича, ҳодиса футболчининг жамоаси Чемпионлар лигаси доирасида Италиянинг “Комо” клубига қарши учрашув ўтказаётган пайтда содир бўлган. Ўғрилик вақтида футболчининг оиласи уйда бўлмаган. Етказилган зарар миқдори ҳозирча ошкор этилмаган. Фернандешнинг қўшниларидан бири уй ҳудудида шубҳали шахсларни кўриб, полицияга хабар берган. Гумонланувчилар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари етиб келгунига қадар беш дақиқадан камроқ вақт давомида уй ичида бўлган.

“Қўнғироқ қилган қўшни уйнинг орқа ҳовлисида уч нафар номаълум эркак борлигини маълум қилди. Полиция воқеа жойига етиб келганида, гумонланувчиларни топа олмади. Бироқ ходимлар мазкур манзилда ўғрилик содир этилганини ва бир нечта буюм олиб кетилганини аниқлади. Ҳодиса юзасидан тергов бошланди ва у дастлабки босқичда”, дейди ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакили.

Жорий йилнинг 21 октябрь куни “Манчестер Юнайтед” Чемпионлар лигасининг учинчи турида “Комо”га 1:4 ҳисобида мағлуб бўлган эди. Учрашувдан кейин Бруну Фернандеш бош мураббий Майкл Керрикнинг тактик ёндашувини танқид қилганди.

Маълумот учун, 32 ёшли Фернандеш 2020 йил январидан буён “Манчестер Юнайтед” шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. У клуб сафида барча мусобақаларда 338 та учрашувда майдонга тушиб, 111 та гол урган ва 109 та голли узатмани амалга оширган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Реал Бетис”нинг бразилиялик футболчиси Антонининг уйи Чемпионлар лигаси ўйини пайти талон-торож қилинганди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends