Болаларга фастфуд рекламаси чекланиши мумкин. Қозоғистонда!
World
−
18:22 197 1 minute
Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги болаларга йўналтирилган фастфуд, ширин ичимликлар ва таркибида шакар, туз ҳамда тўйинган ёғлар кўп бўлган маҳсулотлар рекламасини чеклашни таклиф қилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Вазирлик томонидан ушбу маҳсулотлар рекламасини телевидение ва радио, ижтимоий тармоқлар ҳамда ташқи реклама воситаларида чеклаш бўйича қонунчиликка таклифлар ишлаб чиқилган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур ташаббус орқали болаларнинг озиқ-овқат танловига маркетинг таъсирини камайтириш ва уларда ёшлигидан соғлом овқатланиш одатларини шакллантиришни мақсад қилган.
Вазирлик вакилларига кўра, болалар ва ўсмирлар реклама таъсирига нисбатан сезгирроқ бўлади. Хусусан, ёрқин қадоқлар, ижтимоий тармоқлардаги реклама, блогерлар ва бошқа маркетинг воситалари уларнинг озиқ-овқат танловига таъсир кўрсатиши мумкин.
Қайд этилишича, ҳозирда таклиф этилаётган чекловларнинг иқтисодий ва ижтимоий таъсирини баҳолаш учун тартибга солиш таъсирини таҳлил қилиш ишлари бошланган.
Вазирлик маълумотларига кўра, Қозоғистонда 6-9 ёшли болаларнинг 23 фоизи ортиқча вазнга эга, 6 фоизида эса семириш кузатилади. Шунингдек, ўсмирларнинг 17,5 фоизи энергетик ичимликларни ҳафтасига камида бир марта истеъмол қилади. Қонунчиликка тегишли ўзгартиришлар таҳлил натижаларига кўра ишлаб чиқилиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон ҳукумати томонидан 16 ёшдан кичик бўлган фойдаланувчиларнинг ижтимоий тармоқларда рўйхатдан ўтишини тақиқлашни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All